6–8 октябрь кунлари Нукус шаҳрида Европа киноси фестивали бўлиб ўтди. Тадбир Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда унинг «Қорақалпоқкино» минтақавий бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилди, деб хабар беради UzDaily.
Фильмлар намойиши Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат Академик мусиқий театрида ташкил этилди. Барча фильмлар оригинал тилда русча титрлар билан кўрсатилди. Кириш бепул бўлди.
Фестиваль доирасида қорақалпоғистонлик томошабинлар бешта Европа давлатида ишлаб чиқарилган олтита бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмларни кўрди.
Нукусдаги фестиваль учун Буюк Британия, Германия, Швейцария, Финляндия, Франция маданий ташкилотлари ўз маҳсулотларини тақдим этди. Бир қатор картиналар нуфузли миллий ва халқаро кинопремияларга сазовор бўлган.