Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Грузия бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор. Грузия мамлакатимиздан мева-сабзавотлар харид қилиши, виночилик соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиши мумкин.
Икки халқ ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурмат қарор топган. Ўзбекистонда грузин миллатига мансуб фуқаролар мамлакат ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Бу маданий-гуманитар алоқалар ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда Грузия маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтди.
Шавкат Мирзиёев ва Георгий Квирикашвили учрашувда ўзаро ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги, бу икки давлат ва икки халқ манфаатларига хизмат қилишини қайд этди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)