«Муз ва оташ қўшиғи» сагаси, унга асос бўлган Вестерос олами, романлар туркуми асосида олинаётган «Тахтлар ўйини» сериали устида ишлаш бу асарлар атрофидаги шовқин-сурондан қутулишнинг бир йўлидир. Бу ҳақда эпопея Жорж Мартин айтиб ўтди, деб хабар беради «РИА Новости».
Туркумнинг биринчи роман — «Тахтлар ўйини» — 1996 йили чоп этилган эди. Ундан сўнг «Қироллар жанги» (1998), «Қиличлар бўрони» (2000), «Ўлаксахўрлар издаҳоми» (2005) ва «Аждарлар билан рақс» (2011) чиқди. Муаллиф жами еттита китоб ёзишни режалаштирган эди. Олтинчи қисмнинг чиқиши бир неча бор қолдирилди. Айни пайтда Мартин у 2018 йили чоп этилишига умид билдирмоқда.
«Машҳур бўлгандан сўнг яшаш ҳам қийинлашди, энди мен билан беш ёрдамчи ишлайди, лекин иш ҳали ҳам кўп. Шовқинга қарши курашнинг асосий йўли иш — ижод қилиш ва ёзиш бўлиб қолди. Вестерос оламига кириб кетганимда қаҳрамонларимнинг тақдирини ўйлай бошлайман — бу шовқин ва машҳурликка қарши курашишнинг энг яхши йўлидир», — таъкидлади у.
Мартин болалигиданоқ кутимаган воқеаларга бой китоблар ўқишга қизиққанини қўшимча қилиб ўтди:
«Қўрқитадиган ва ром этадиган китоблар ўқишни хоҳлар эдим. Қаҳрамон таҳдидли ҳолатга тушса, ўқувчи қўрқиши лозим. Шунинг учун ҳам (Эддард) Старк (сага қаҳрамонларидан бири) роман бошида ўлди, унинг ўлими Старк болалари биринчи планга чиқиши учун режалаштирилган эди».