Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида 8 август куни Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Давлат раҳбари жорий йил 22–23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электричка қатновини йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди. Ўтган қисқа муддатда Қўқон шаҳридан Андижон шаҳригача электропоезд қатновини йўлга қўйиш бўйича дастур тузилди. Бу жараёнда йўллар мустаҳкамланди, электр таъминоти масаласи ҳал қилинди.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан ушбу йўналишлар учун беш электричка модернизация қилинди. Натижада транспорт воситаларининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай ўзгарди. Вагонларга кондиционер, замонавий ўриндиқлар ўрнатилди. Хориждан яна ўн электропоезд келтириш режалаштирилган. Ҳар бир электричка олти вагондан иборат.
Қайд этилишича, биринчи синов муддатида қатнайдиган поездлар енгил автомобилга нисбатан 40 дақиқа тезроқ манзилга етиб бормоқда. Поезд соатига 120 километр тезликда ҳаракатланади. Бағдод, Олтиариқ тумани, Марғилон шаҳри, Қува тумани ва Асака шаҳрига тўхтаб ўтади.
Электропоезд қатнови йўлга қўйилиши муносабати билан Қўқон темир йўл вокзалида тантанали маросим бўлиб ўтди.