Америкалик 9 ёшли Жек Дэвис NASA агентлигида бўш иш ўрни мавжудлиги ҳақидаги эълонга ариза юборди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Эълонда айтилишича, NASA’га физика бўйича умумий билимларга эга мутахассис талаб этилади. Маош йилига 124,4–187 минг долларни ташкил қилади.
«Менинг исмим Жек Дэвис, мен сайёра ҳимоячиси лавозими учун ариза бермоқчи эдим. Мен 9 ёшдаман, аммо ўзимни бу ишга яроқли деб ҳисоблайман», — дейилади ариза матнида.
Дэвис NASA’га мурожаат қилиш учун сабаблари етарли эканлигини исботлашга уринди:
«Опам мени ўзга сайёралик деб атайди, мен фазо ва ўзга сайёраликлар ҳақидаги барча фильмларни томоша қилганман. Шунингдек, мен Marvel қаҳрамонлари шоусини кўрганман, ‘Қора либосдаги одамлар’ фильмини кўришга умид қилмоқдаман. Видеоўйинларни яхши ўйнайман. Мен ёшман, ўзга сайёраликлардай фикрлашни осон ўрганаман».
NASA сайёравий фанлар департаменти директори Дэвид Грин боланинг мактубига шахсан жавоб ёзди.
«Биз доимий равишда умидли олимлар ва муҳандисларни қидирамиз, шу боис, умид қиламанки, сен мактабда сидқидилдан ўқийсан. Бир куни сен билан NASA’да учрашишга умид қилиб қоламан», — дейилади унинг жавобида.