Танзаниянинг олтин қазиб олиш билан шуғулланадиган Acacia Mining компаниясига 190 миллиард доллар қўшимча солиқ ҳисобланди. Бу солиқ органлари хатоси эмас — Танзания ҳукумати Acacia Mining давлатни 40 миллиард долларга алдади деб ҳисоблади, қолган 150 миллиард эса жарима тариқасида умумий суммага қўшилди, деб хабар беради Meduza.
190 миллиард доллар бозор капитализациясига жаҳондаги бир неча ўн компания эга, холос. Жаҳондаги энг қиммат компания — Apple капитализацияси 792 миллиард долларга тенг.
Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат олдидаги қарзини узиш учун Acacia Mining 200 йиллик тушумини бир ерга тўплашига тўғри келади.
«40 миллиард долларлик ҳисоб — жаҳондаги беш энг йирик олтин қазиб олувчининг 2000 йилдан бери тўлаган умумий солиқларидан икки баробар кўпроқдир», — деди Investec Plc таҳлилчиси Хантер Хиллкоат.
Ҳатто Танзаниянинг ЯИМи белгиланган тўлов пулидан камроқ бўлиб, 150 миллиард долларни ташкил этади.
Танзания ҳукумати ва Acacia Mining ўртасидаги баҳс бир неча ойдан буён давом этмоқда. Амалдорлар компания икки кондан амалга оширган экспорт учун декларация топширмаган деб ҳисобламоқда. Acacia Mining буни инкор қилмоқда.
Март ойида Танзания ишланмаган олтин ва мис экспортини тақиқлади. Бунинг оқибатида Acacia Mining кунига миллион доллар зарар кўрмоқда.