Ёш Форест Гампга онаси айтган сўзлар ёдингиздами? «Ҳаёт — шоколадли конфетлар қутисига ўхшайди: ичи қанақаси тушишини ҳеч қачон билмайсан». Тиркамали юк машинаси аварияга учраганда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз беради. Моддий зарарни инобатга олмасак, улар кулгили манзара ҳосил қилади, деб ёзади Motor нашри.
Бўёқ
2015 йилда юз берган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг авария жойи «Симпсонлар» мультфильмидан парчани ёдга солди. ЙТҲга учраган юк машиналаридан бири кузовида сариқ бўёқ олиб кетаётган эди. Ҳодиса оқибатида унинг кузовига зарар етди.
Авария оқибатида юк машинаси кабинаси ва ҳайдовчи ҳам сариқ рангга кирган. Авария анча жиддий кўринса-да, ҳар иккала ҳайдовчига зарар етмаган ва улар кўрикдан ўтказиш учун шифохонага етказилган.
Пиво
Шу йилнинг 7 июль куни Темп яқинида (Аризона штати) юз берган авария маҳаллий аҳолини қувонтирди дейиш ҳам мумкин. Унда ҳеч ким жабрланмади, албатта. International юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши натижасида тиркама йўл чеккасига чиқиб кетди ва ёнбошга ағдарилди.
Авария оқибатида бир неча ўнлаб пиво яшчиги тиркама томини бузиб юборди ва ташқарига тўкилди. Юк машинаси ҳайдовчисига енгил шикастланишлар етган ва унинг ҳаётига ҳеч нарса таҳдид қилмаган. Пиво ортилган юк машиналари иштирокидаги авариялар тез-тез учраб туради, бироқ амалда бу ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлигидан юз бермайди.
Жўжалар
2015 йилнинг августида Хитой шарқида ҳайдовчи бошқарувни йўқотганлиги туфайли 10 минглаб кичкина жўжалар озодликка чиқиб кетди. Ҳайдовчининг бахтига яқин қишлоқнинг кўнгилли аҳолиси жажжи қочоқларни тутишга ёрдам берди.
ЙТҲ оқибатида бир нечта жўжа ҳалок бўлди, аммо кўп қисми тирик қолди. Бироқ уларнинг тақдири ҳам ҳавас қиларли эмас — етти минг доллар қийматга эга бўлган юк ресторанлар учун мўлжалланган эди.
Илонбалиқ
Орегон штатида уч ярим тоннага яқин шиллиқ илонбалиқ олиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетди. Шилимшиқнинг ғилдираклар ҳаракатланишига таъсири туфайли яна бешта автомобиль аварияга учради.
Ҳодисалар занжири оқибатларини бартараф этиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари шоссени бир неча соатга ёпиб, ўт ўчирувчилар ва тракторларни жалб этишга мажбур бўлди.
Пул
2015 йил кириб келиши арафасида Гонконгда инкассатор фургони енгил аварияга учради. Зарба кучли бўлмаганлигига қарамасдан, машинанинг орқа эшиги унга дош беролмади ва 2 миллион еврога тенг пул кўчага сочилиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг йўлда улкан тирбандлик юзага келди.
Полиция одамларни пулларни қайтаришга чақирди, бироқ инсоф туйғуси ҳаммада ҳам уйғонавермади. Юз берган ҳодиса қайсидир фильмни (ёки рэп ижрочи клипи) суратга олиш жараёнини эслатди.