Пластикнинг металлдан асосий устунлиги унинг енгиллигидир: пластик қисмлар пўлатга қараганда ўртача 25—30 фоиз енгил ҳисобланади. Автомобиль вазнининг камайиши эса унинг ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради, деб ёзади Forbes.
Пўлат иккинчи саноат инқилобидан буён саноатнинг барча соҳаларида кенг қўлланилади. Бироқ бугунги кунда ундан фаол фойдаланиш ўрнини бошқа материаллар эгалламоқда.
Металлдан воз кечиш анъанасини автомобилсозликда пластикдан фойдаланиш мисолида ҳам кузатиш мумкин. 1970 йиллардан бошлаб автомобиллардаги металл қисмлар улуши камайиб бормоқда: агар аввалги автомобилнинг 79 фоизини пўлат ташкил қилса, бугунги кунда автомобиллардаги металлнинг улуши 55 фоиз атрофида. Пластмасса эса аксинча қатъий ўсишда давом этмоқда: 1970 йилларнинг бошидаги олти фоиздан 2020 йилга келиб 18 фоизга, резина эса икки фоиздан етти фоизгача бўлган кўрсаткичга етиши маълум қилинмоқда. Бир қараганда пластик фақат салонни безатишда қўлланилгандек кўринса-да, уни машина кузовида, илгак ва ҳатто двигателида ҳам топиш мумкин.
Бугунги кунда енгил автомобилда 150—200 килограмм пластмасса қўлланилмоқда, бироқ 2020 йилга келиб бу миқдор 300 килограммгача ошиши мумкин. Бу эса автомобиль вазнининг қисқариши билан бирга кечади.
Экспертларнинг фикрича, автомобиль саноатида конструкция пластигига бўлган дунёвий талаб яқин келажакда йилига етти фоизга ошиб боради. Ишонч билан айтиш мумкинки, келажак автомобилида ҳозиргига қараганда анча кўп полимер қўлланилади. Бунинг қуйида келтирилган бир қатор сабаблари мавжуд.
Автомобилсозликда пластикларни жорий этишнинг фойдали жиҳатлари нимада?
Мазкур инновацияни жорий этиш иқтисодий мақбуллик жиҳатидан муҳим ҳисобланади. Пластикнинг металлдан асосий устун жиҳати унинг енгиллигидир: пластик қисмлар пўлатга нисбатан ўртача 25—30 фоизга енгил. Автомобиль вазнининг енгиллашуви ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради. Ишлаб чиқарувчилар автомобиль кузовининг вазнини камайтириб, унинг ўрнини хавфсизлик билан боғлиқ қисмлар, шунингдек, электрон қурилмалар билан қоплашга ҳаракат қилади.
Углерод тола ва полимер матрицали композитларни қўллаш автомобиль вазнини 25—70 фоизга қисқартириш имконини беради. Масалан, «Формула-1» болидлари асосан пластик ва композит материаллардан иборат ва айнан вазнни камайтириш машина динамик характеристикасини яхшилаш ва пойга автомобиллари тезлигини ошириш имконини беради. Бензиннинг кам сарфланиши эса, ўз навбатида, бундай машиналарни янада экологик автомобилларга айлантиради.
Бироқ полимерлар миқдори фақат болидларда ошаётгани йўқ. Шаҳар автомобилларида ҳам пластик қисмлар кўпайиб бормоқда.
Бунинг бир нечта сабаби мавжуд. Биринчидан, юқорида қайд этилганидек енгиллик, ёқилғи тежамкорлиги ва бунинг натижасида экологик жиҳатдан устунлик. Ғарбда ёқилғи кўп сарфловчи машиналарга талаб камаймоқда. Одамлар борган сари кўпроқ атроф-муҳитга камроқ зарар етказувчи гибрид автомобиллар харид қилмоқда. Lightweight revolution — турли шаклдаги инновацияларни қўллаш ҳисобидан автомобиль вазнини максимал камайтиришга уриниш ҳам атмосфера ифлосланишига қарши курашишга олиб келмоқда.
Бундай трендлар Европада давлат даражасида қўллаб-қувватланмоқда, шунинг учун автомобиль компаниялари бундан кейин ҳам мазкур йўналишда ишлашга тайёр.
Инновацион пластиклар
Энг йирик автомобилсозлик компаниялари ишлаб чиқаришга энг янги ишланмаларни фаол жорий этиш учун кимёвий концернлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, махсус кимё концерни Lanxess Porche, Skoda автомобиллари учун қисмлар: асосан, узатиш қутиси учун илгак ва двигатель қисмларини тайёрламоқда.
Германиянинг йирик кимё концернлари ҳар йили автомобилсозликда қўлланувчи янги пластмассалар яратиш учун катта суммадаги инвестициялар киритмоқда. Ҳозирда автомобиль ишлаб чиқаришда пластикнинг 100 дан ортиқ кўриниши қўлланилмоқда: улар қаттиқлик ва қаршилик кўрсатиш даражаси, қолаверса вазн жиҳатдан бир-биридан фарқланади.
Масалан, двигателнинг баъзи қисмлари, ғилдирак қопқоқлари ва асбоблар панели полипропилендан ишланса, полиуретан ўриндиқларда, полиэтилен гиламчаларда, полиамид шестернялар, предохранитель корпуслари, бензин баклари ва аккумуляторларда қўлланилади. Таранглаштирилувчи шифт ва линолеумлар ҳосил қилинувчи поливинилхлорид симлар тайёрлаш учун фойдаланилади. Поликарбонат автомобилларнинг аксарият металл қисмларни ўрнини босиши мумкин. Бундай инвестициялар учун кўплаб сабаблар мавжуд.
Кўплар пластик композитларни беқарор ва ишончсиз ҳисоблаб, уларга танқидий қарайди. Бу фикр хато эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Юқори чидамли арматураланган пластик қаттиқлик, қаршилик кўрсатиш ва иссиқликка чидамлилик бўйича металлга қараганда юқорироқ коэффициентларга эга. Масалан, баъзи полиамидлар краш-тестлар мобайнида пўлат тахтасига қараганда яхшироқ натижа кўрсатган. Бироқ уларда минуслар ҳам бор: полиамиддан ишланган таркибий қисмлар металлга қараганда қимматроқдир.
Қўшимча қаттиқлик ҳақида сўз юрита туриб, пластикни арматуралаш мумкинлигини таъкидлаш жоиз: арматураланган толаларни қўллаш конструкция чидамлилигини оширади ва қисмларнинг иссиқликка чидамлилигини таъминлайди.
Lightweight revolution’дан ташқари пластикнинг пўлатдан яна бир устун жиҳати материалларнинг кўпга чидашидир: улар коррозияга учрамайди. Овозни ютувчи композит материаллардан салонни безатишда фойдаланиш шовқин изоляциясини ҳам яхшилайди.
Юқорида санаб ўтилган жиҳатлардан ташқари, пластикдан фойдаланиш турли конструкциявий ва дизайнерлик ечимлар учун кенг имкониятлар яратади. Термопластик полимерларни қайта ишлаш ва улардан турли шакл ва ранглар ҳосил қилиш мумкин. Шу тариқа, пластикларни жорий қилиш келажак автомобилларининг ташқи кўринишини ҳам кучли ўзгартириши мумкин.
Пластикни автомобилсозликка оммавий жорий этиш йўлидаги тўсиқлар
Пластикни автомобилсозликда қўллашнинг қувонтирувчи истиқболлари билан бир қаторда, уни ҳар ерда ишлатишга тўсқинлик қилувчи бир қатор омиллар ҳам мавжуд. Улар асосан нархлар билан боғлиқ: пластик қисмлар металлнинг турли кўринишларига нисбатан қимматроқ тайёрланади. Бундан ташқари, юқори сифатли пластиклар яратиш жараёни эритиб ишланувчи қисмлар ишлаб чиқаришга қараганда мураккаброқ ҳисобланади. Қолаверса, автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар пластик билан ишлашда катта тажрибага эга эмас.
Барча қийинчиликларга қарамасдан, пластикларнинг замонавий автомобиллардаги улуши узлуксиз ошмоқда. Ушбу технологиялар потенциалини тўлиқ рўёбга чиқариш учун автомобилсозлик концернлари бу каби қисмларни ишлаб чиқарувчи ва тегишли тажрибага эга кимёвий концернлар билан янада интенсив ҳамкорлик қилиши лозим.
Изоҳ (0)