24 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА келтирди.
Қарорга келтирилган шарҳда тушунтирилишича, ҳужжат ёш авлодни ватанпарварлик ва тарихга чуқур ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган мамлакат сифатидаги халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш, бой ёзма меросни сақлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ишларини янги сифат босқичига кўтаришга йўналтирилган.
Ўзбекистонда асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой қўлёзма мерос жамланган бўлиб, унинг салмоқли қисми Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Мазкур фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган эди. Институтнинг қўлёзмалар фонди олтита алоҳида бўлимдан ташкил топган бўлиб, араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан ташкил топган.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилангани унинг дунёдаги етакчи шарқшунослик марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, қарорда Институтнинг илмий ва ташкилий фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан, замонавий талаблар асосида Институтнинг асосий вазифа ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Улардан бири институт фондларини сақлаш ва аҳоли қўлида сақланаётган қўлёзма ва бошқа ёзма ёдгорликларни харид қилиш ҳисобидан бойитишни назарда тутади. Шу мақсадда ёзма ёдгорликларни тўплаш, баҳолаш ва сотиб олиш билан шуғулланадиган экспертлар гуруҳи ва махсус комиссия тузилмоқда.
Шунингдек, Ўрта асрларда Марказий Осиё ҳудудидан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг илм-фаннинг аниқ, табиий, гуманитар соҳалари ва ислом илмлари бўйича яратган асарлари тадқиқини кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳамда уларни асл матн ва илмий изоҳли таржима шаклида нашр этиб, таълим-тарбия жараёнига жорий этиш ва илмий муомалага киритиш ишларига алоҳида урғу берилган.
Шу билан бирга, қарорда институтнинг турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўлёзма манбалар билан ишлаш малакасига эга ёш кадрларни тайёрлаш ишига алоҳида эътибор қаратилган.
Қарорда Институтнинг хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи, ривожланиш босқичлари, ҳозирги кунда ушбу давлатларда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларни уларнинг Ўзбекистон Республикаси билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлари нуқтаи назаридан ўрганиш борасидаги илмий тадқиқотлар кўламини янада кенгайтириш борасидаги вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Қарорда ўз ечимини топган муҳим масалалардан яна бири — ёзма меросни намойиш этиш мақсадида Институтнинг Шарқ қўлёзмалари музейини яратиш. Музейда қўлёзмалар фондида мавжуд коллекцияларнинг энг ёрқин намуналари намойиш этилади.
Изоҳ (0)