3 июнь куни Уэльснинг Кардифф шаҳри Чемпионлар лигасининг финал учрашувига мезбонлик қилади. Шу куни «Миллениум» стадионида Мадриднинг «Реал» ва Туриннинг «Ювентус» клублари саф тортади.
Чемпионлар лигасининг шундай финали бундан 19 йил муқаддам — 1998 йилда кузатилганди. Амстердам шаҳрида ўтган финал «Қироллик клуби»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган бўлиб, учрашувдаги ягона гол 67-дақиқада Предраг Миятович томонидан урилган.
Қизиқ томони, «Реал»нинг бугунги кундаги устози Зинедин Зидан ўша финалда «Ювентус» сафида майдонга тушган. Туринликларга Марчелло Липпи устозлик қилган бўлса, «Реал»ни Юпп Хайнкес бошқариб борган.
Маълумот учун, Европа қитъаси клубларининг энг нуфузли мусобақасида «Реал» 11 бор ғолиб чиққан. Бу энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Ундан кейинги ўринда борадиган «Милан» ҳисобида кубоклар сони 7 та. «Ювентус» эса бу мусобақада саккиз марта финалда тўп суриб, фақатгина иккитасида ғолиб чиққан.
Чемпионлар лигаси янги форматга ўтган 1992 йилдан бошлаб ҳисоблаганда эса «Реал»да совринлар сони 5 та: 1998, 2000, 2002, 2014 ва 2016. «Ювентус» эса фақатгина 1996 йил бош мукофотни қўлга киритган.
Изоҳ (0)