Тошкентнинг «Бунёдкор» клубини Миржалол Қосимов бошқаради. Клуб матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, Қосимов футболчиларга таништириб бўлинган.
11:30 да Миржалол Қосимов билан матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган. Сергей Лушчан эса катта эҳтимол билан фаолиятини «Бунёдкор» академиясида давом эттириши мумкин.
Маълумот учун, «Бунёдкор» ўзининг энг катта муваффақиятларига айнан Қосимов билан эришганди. У клубни 2010, 2011 ва 2013 йилги мавсумларда мамлакат чемпионига айлантирди. 2010, 2012 ва 2013 йилги мавсумларда Ўзбекистон кубогида зафар қучди.
2008 ва 2012 йилги мавсумларда «Бунёдкор» Миржалол Қосимов билан Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига қадар етиб борди.
Эндиликдаги собиқ бош мураббий Сергей Лушчан кетма-кет уч мавсумнинг иккитасида «Бунёдкор»ни 4-ўринга тушириб юборди, бирида кумуш медалга эга чиқди. Лушчанга қадар «қалдирғочлар» ҳеч қачон 2-ўриндан пастга тушмаганди.
Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида «Бунёдкор» кетма-кет 16 бор ғолиб чиқа олмади. Бу клуб тарихидаги энг шармандали давр бўлганди.
Изоҳ (0)