Бокснинг супер-оғир вазнидаги спортчилари — Владимир Кличко ва Энтони Жошуа ўртасидаги чемпионлик жанги Тошкент вақти билан 30 апрелга ўтар кечаси тунги 1:40 да бўлиб ўтди.
Лондондаги «Уэмбли» стадиони мезбонлик қилган бокс кечасида рақибидан анча ёш бўлган Энтони Жошуа зафар қучди. Жанг 11 раунд давом этди ҳамда Владимир Кличконинг техник нокаути билан якунига етди.
Тўқнашувнинг 5-раундида Кличко нокдаун ҳолатига тушиб қолган бўлса, 6-раундда Энтони Жошуа шундай аҳволда қолди. 11-раундга келиб Жошуа украиналик рақибини икки марта нокдаунга тушира олди. Кейинроқ Кличко ринг арқонига осилиб, ўзини ўнглай олмади ва қатор зарбалар ўтказиб юборди. Натижада рефери жангни тўхтатишга мажбур бўлди.
Жанг учун супер-оғир вазннинг IBF ва WBA йўналишлари чемпионлиги тикилганди. Шу кеча икки буюк боксчи жангини 90 минг томошабин стадионнинг ўзидан томоша қилди. Бу эса Англия учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Маълумот учун, Энтони Жошуа бунга қадар профессионал рингда 18 жанг ўтказиб, 18 ғалабага эришган ва ҳар сафар рақибларини нокаутга учратганди. Унинг 19-жанги ҳам бундан мустасно бўлмади. Кличко эса карьераси давомида биринчи бор кетма-кет иккинчи мағлубиятга рози бўлди.
Жошуага қарши чиққан рақиблардан ҳеч ким еттинчи раундан нарига ўта олмаган. Кличко бу борада биринчиси бўлди.
Кличко Олимпиада чемпиони бўлганида Жошуа 6 ёшда эди.
Изоҳ (0)