Техас университетининг экология бўйича профессори Жефф Уилсон катта уй ёки хонадонсиз ҳам шинам ва қулай ҳаёт кечириш мумкинлигини жуда ноодатий тажриба орқали кўрсатиб беришга қарор қилди, деб ёзади AdMe.
Бир неча йил олдин Уилсон 230 квадрат метр майдонли уйда яшаган, аммо хотини билан ажрашгач, уйидан беш марта кичик хонадонни ижарага олган. Ўшандаёқ профессор яшаш учун ахлат қутисига кўчиб ўтиш режасини туза бошлаган.
У 3 квадрат метр майдонли ахлат қутисида бир йил яшашга қарор қилиб, ўзининг барча буюмларини сотиб юборди, фақат кийимлари солинган кичик жомадоннигина қолдирди.
2014 йилда Жефф «янги уйи»га кўчиб кирди. Илк олти ой давомида у ҳеч қандай ўзгаришлар қилмади ва контейнер тубига жойланган картон қутилар устида ухлади.
Кейинроқ, ўзига яшаш учун қандай қулайликлар зарур эканлигини тушунгач, профессор кондиционер ўрнатди, контейнер тубига пол қўйди, деворларни оқ рангга бўяди.
У ўз бошпанасини ёрқин гиламлар, декоратив газламалар билан безади. Кичик кўрпача ва ёстиқлардан шинам ётоқ ўрнини ясади.
Эндиликда бу ҳақиқатан ҳам оддий ахлат контейнери эканлигига ишониш қийин, ахир унда зарур нарсаларнинг барчаси, жумладан, электр токи, ҳожатхона ва овқат пишириш учун кичик плита ҳам бор.
Техаслик профессор ўзининг ноодатий лойиҳаси орқали кичикроқ майдонда яшаб, сув ва энергияни тежаш ва минимал миқдорда чиқинди қолдириш мумкин эканлигини кўрсатиб берди. Ва энг асосийси, бизнинг бахтли ва қулай яшашимиз биз тушган муҳит ва шароитга эмас, фақат ўзимизга боғлиқ.
Изоҳ (0)