Мадриднинг «Реал» клубига қарши Испания Ла лигасининг 33-турида дубл қайд этган Лионель Месси барча «Эль-Класико»ларнинг энг яхши намоёндасига айланди.
Месси ўзи иштирок этган «Эль-Класико»ларда жами 22 та гол уришга муваффақ бўлган. Бу борада у яққол пешқадам ҳисобланади.
Испания Ла лигаси доирасидаги «Эль-Класико»ларда эса унинг голлари кечаги беллашувга қадар 13 тани ташкил қилаётган бўлиб, бу борада аргентиналик ҳужумчи афсонавий Алфредо Ди Стефанодан ортда қолиб кетаётганди. 2017 йилнинг 23 апрель куни Месси бу борада ҳам пешқадамга айланди ва Ла лиганинг «Эль-Класико»ларидаги голларини 15 тага етказиб олди.
Лионель Месси «Реал»га қарши ўйин якунига 10 сония вақт қолганида «Барселона»даги 500-голини уришга ҳам муваффақ бўлди. Учрашувнинг биринчи бўлимида Марселонинг тирсагидан зарба қабул қилиб олганига қарамай, Месси ўзини ўнглай олди ва якунда дубл қайд этди.
Маълумот учун, Месси «Барселона» учун Ла лигада 343 та, Испания кубогида 43 та, Чемпионлар лигасида 94 та ва бошқа турнирларда 20 та гол уришга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)