Мадриднинг «Реал» клуби бугун — 18 апрель куни Европа Чемпионлар лигасининг ярим финалига йўлланма олиш учун Мюнхеннинг «Бавария» клубига қарши жавоб ўйинида майдонга тушади.
AS нашрининг маълумот беришича, мезбонларнинг етакчи футболчиларидан бири бўлган Гарет Бэйл ўйинда иштирок эта олмайди. Буни бош мураббий Зинедин Зидан ҳам тасдиқлаб бўлган.
Бэйл олдинроқ операция қилинган бўлиб, бир неча кун олдин ўша эски жароҳатини яна янгилаб олган ва «Реал»нинг сўнгги машғулотида иштирок эта олмаган.
Маълумот учун, дисквалификациялари сабаб бугун яна икки футболчи майдонга тушмайди. Бири «Бавария» вакили Хави Мартинес бўлса, иккинчиси «Лестер» ҳимоячиси Роберт Хут. Шунингдек, эртанги ўйинда Фабиньо «Монако»га ёрдам бера олмайди.
«Реал» — «Бавария» ўйинида мезбонлардан уч, меҳмонлардан эса икки нафар футболчи эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилиши талаб этилади. Яна битта сариқ карточка уларни эҳтимолий ярим финалнинг биринчи ўйинидан мосуво қилиши мумкин. Булар: Тони Кроос, Лука Модрич, Серхио Рамос, Жером Боатенг ҳамда Артуро Видаль.
Изоҳ (0)