Тошкент шаҳрида 7 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ўтказилган брифингда маълум қилинди, деб хабар беради ЎзА.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Носиров мазкур кенгаш мажлисида Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ташқи ишлар вазирлари, Молдова, Озарбайжон ва Туркманистондан ташқи ишлар вазири ўринбосарлари иштирок этишини таъкидлади. Кенгаш мажлисида МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашади.
МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг бўлажак мажлиси кун тартибига 16 ҳужжат лойиҳаси киритилган. Улардан 10 таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгашига киритиш учун тасдиқланиши режалаштирилган.
Кўриб чиқилаётган ҳужжатлар лойиҳалари Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига қаратилган.
Вазирлар минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, МДҲ давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашга оид долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади. Кенгаш мажлиси доирасида ташқи ишлар вазирлари икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
Вазирлар учрашувининг ҳужжатларини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида 2017 йил 6 апрель куни иштирокчи давлатлар ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакилларининг Келишув мажлиси бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирларда 200 дан ортиқ меҳмон, шу жумладан, расмий делегациялар аъзолари ва журналистлар иштирок этиши кўзда тутилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!