Кеча — 23 март куни Сурия ва Ўзбекистон терма жамоалари Малайзияда ўзаро тўқнаш келди. Беллашув сурияликларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди.
Учрашув олдидан «Дарё» ўз ўқувчилари ўртасида сўровнома ўтказган бўлиб, бунда Сурияга қарши ўйиндан нима кутилаётгани борасидаги вариантлар муҳокамага қўйилганди.
Сўровномада энг кўп овоз «Сурияни енга олмасак, мундиалда нима бор?!» вариантига берилди. Овоз берувчиларнинг 35 фоизи мундиал учун муносиб жамоа Сурияни бемалол енгиши керак деган вариантга ишонган.
Овоз беришда иштирок этганларнинг 29 фоизи Сурияни Ўзбекистон термаси учун рақиб ҳисобламаган ҳамда Самвел Бабаян жамоаси қийинчиликсиз зафар қучишига ишонган.
Энг кам овоз дуранг учун берилди — 4 фоиз. Эрон ва Жанубий Корея термалари Сурия билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлиб, кечаги беллашувнинг асосий вақтида ҳам шу ҳолат кузатилаётганди. Сўнгги дақиқадагина сурияликлар ғалаба голини уришга муваффақ бўлди.
Иштирокчиларнинг 13 фоизи айнан Суриянинг ғалабасини тахмин қилган бўлиб чиқди. 13 рақами ким учундир омадсиз ҳисобланади. Қизиқ томони, ўзбекистонликлар учун хуш келмайдиган натижани шунча фоиз одам олдиндан билганди.
Изоҳ (0)