Самарқанд вилоятида ўтказилган дастлабки «Профилактика куни» тадбирларида ўнлаб жиноятларнинг олди олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бир кунлик тадбирлар давомида тўрт нафар қидирувда бўлган шахс ушланди, 600 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлили асосида жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон яратган шарт-шароитларни аҳолига етказиш, муҳокама қилиш, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг мажбурийлигини тушунтириш мақсадида маҳаллаларда, таълим муассасаларида, корхона-ташкилотларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Бу тадбирларга ота-оналар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи ишсизлар, узоқ муддатга хорижга чиқиб кетиб яшаш манзилига қайтиб келган фуқаролар, уюшмаган ёшлар, профилактик ҳисобда турган ва жиноят содир этишга мойил шахслар таклиф этилди.
Хусусан, Ургут тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими ходимлари томонидан жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда Чорраҳа маҳалласида ўтказилган профилактик суҳбатлар давомида нотинч оилалар, муқаддам судланганлар ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахсларга зарур тушунча берилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари тушунтирилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)