Британиянинг Sotheby’s кимошди савдо уйи афсонавий америкалик боксчи Майк Тайсонга тегишли бўлган Ferrari F50 автомобилини сотувга қўяди.
Кимошди савдоси шу йилнинг 11 март куни Флорида штатидаги Амилия оролида бўлиб ўтади. 1995 йилда ишлаб чиқарилган машина атиги 8,5 минг километр масофани босиб ўтган, ҳолати аъло. Автомобиль 2,2–2,4 миллион долларга баҳоланмоқда. Ferrari F50 модели 520 от кучига тенг 12 цилиндрли V12 ва ҳажми 4,7 литр бўлган двигатель билан жиҳозланган.
Ferrari F50 соатига 100 километргача тезликни атиги 3,6 сонияда олади. F50 модели атиги 349 нусхада чиққан, шулардан 50 таси АҚШ бозори учун мўлжалланган.
Ҳужжатларга кўра, Тайсон машинани 1995 йили калифорниялик дилер Нейдер Амирванддан сотиб олган. Бир неча йил ўтиб эса боксчи Ferrari’ни сиэтллик ИТ-тадбиркор Кевин Маркусга сотиб юборган. 2010 йили автомобилнинг бир неча қисми таъмирланган ва бунинг учун 36 минг доллар сарфланган.«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)