4 февраль куни Англия Премьер-лигасининг 24-тури доирасида 8 та учрашув бўлиб ўтди. Манчестер шаҳри клублари иштирокидаги икки ўйинни инобатга олмаса, қолган жамоалар майдонда саф тортди.
Турнинг марказий ўйини «Челси» ва «Арсенал» ўртасида кечиб, мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучди. Томонларнинг «Арсенал» майдонидаги ўйинида «тўпчилар» 3:0 ҳисобида устун келганди. Такрорий ўйинда Антонио Конте жамоаси бунинг учун ўч олиб, рақиби билан орадаги фарқни 12 тага етказиб олди.
Чемпионлик учун кураш олиб бораётган «Ливерпуль» эса сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турган «Халл Сити» майдонида 2 та гол фарқи билан имкониятни бой берди. Юрген Клопп жамоаси сўнгги бор янги йил якунида «Манчестер Сити»ни таслим қилганди. Шундан кейин бўлиб ўтган 5 та беллашувнинг 3 тасида дуранг ўйнади ва 2 тасида енгилди.
«Халл Сити»га эса Марку Силванинг ташрифи ёқди. Клуб ўтган турда «Манчестер Юнайтед» билан голсиз дуранг ўйнаганди. Энди «Ливерпуль»дек клуб постига жавобсиз 2 та гол урди.
Турнинг энг сермаҳсул ўйини «Эвертон» иштирокида ўтиб, бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукаку томонидан қайд этилган покер барча масалани ҳал қилиб берди — 6:3.
Англия Премьер-лигаси 24-тур 4 февраль, шанба
Изоҳ (0)