Англиянинг «Лидс» футбол клуби уй стадионига ташриф буюришдан умрбод четлатилган мухлис бошқа ўйинда кўриниш берди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
2012 йили Аарон Коули исмли «Лидс» мухлиси жамоасининг «Шеффилд Уэнсдей» клубига қарши ўйинда майдонга югуриб чиқиб, рақиб жамоа дарвозабони Крис Киркленд юзига зарба берди. Ўйин миллий телеканал орқали намойиш этилгани учун зўравон мухлис бутун дунёга танилди.
Ўша куннинг ўзида Аарон Коули ҳибсга олинди. Суд уни тўрт ойга озодликдан маҳрум қилиб, Англиядаги футбол стадионларига 6 йил давомида ташриф буюришни тақиқлади. «Лидс» эса ўз мухлисига клубнинг уй стадиони «Элланд Роуд»га умрбод ташриф буюришни тақиқлади.
Ўтган дам олиш кунлари зўравон мухлис «Лидс»нинг «Норвич»га қарши сафардаги ўйинида кўриниш бергани маълум бўлди.
Хабарда қайд этилишича, Аарон Коули 6 йиллик дисквалификациясини 4 йилгача қисқартииш ҳақида судга мурожаат қилди. Ўтган вақт мобайнида «Лидс» мухлиси Англиянинг стадионларида расман кўриниш бермагани учун, суд унинг илтимосини қондиришга қарор қилди.
Изоҳ (0)