Футбол бўйича Жаҳон Чемпионатидан бир йил аввал бўлиб ўтадиган Конфедерациялар Кубоги учун чипталар сотуви бошланди, деб ёзди «Sports.ru». Мусобақа Россиянинг 4 та шаҳри — Москва, Санкт-Петербург, Сочи ҳамда Қозонда ўтказилади.
8 ноябрь санасидан эътиборан сотувга чиққан чипталарни биринчи бўлиб Visa картасидан фойдаланувчилар қўлга киритган. Мухлислар учун ҳар бир ўйиндан ташқари, очилиш маросими, финал ва Россия термаси иштирокидаги барча беллашувларни томоша қилиш ҳуқуқини берадиган алоҳида чипталар ҳам таклиф этилган.
Манба россиялик ишқибозлар учун чипталарнинг энг арзони 960 рубл этиб белгилангани, қолган мухлислар эса Конфедерациялар Кубоги ўйинларини 70 доллардан томоша қилиши мумкинлигини кўрсатди.
Саккиз жамоа иштирок этадиган турнирнинг етти вакили номи аллақачон маълум. Унда Россия мезбон сифатида, Германия эса амалдаги жаҳон чемпиони сифатида қатнашади. Шунингдек, Европа чемпиони Португалия, Осиё етакчиси Австралия, Копа Америка ғолиби Чили, КОНКАКАФ чемпиони Мексика ва Океания вакили Янги Зеландия Россияга ташриф буюради. Саккизинчи иштирокчи Африка Миллатлар Кубоги ғолиби бўлади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)