Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 280 ўринли мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида замонавий қиёфа касб этган бинонинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Муассасадаги турли эртак қаҳрамонлари тасвирлари акс этган махсус айвонлар, мини-футбол, волейбол, баскетбол майдончаларида барча қулайлик яратилган. Мусиқа, рус ва инглиз тиллари тўгараклари, спорт машғулотлари ўтказиладиган хоналар зарур қўлланмалар, кўргазмали қуроллар, замонавий спорт буюмлари билан жиҳозланган.
«Мираконтаъмирсервис» қурилиш корхонаси қурувчилари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган муассаса турли қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар, ўйинчоқлар ва 12 турдаги ўқув жиҳозлари билан таъминланди.
Изоҳ (0)