20 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Ҳасан Рабеҳи билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳасан Рабеҳи ИҲТ ТИVK 43-сессиясининг самарали якунлангани билан Ўзбекистон томонини табриклади ва ташкилотга аъзо давлатлар учун муҳим бўлган «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик йўли» шиори остидаги раисликни муваффақиятли ўтказишни тилади.
Суҳбат чоғида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида муносабатларни сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда изчил ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди, зеро Ўзбекистон–Жазоир алоқаларининг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асосини яратиш ва турли даражалардаги алоқаларни фаоллаштириш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим босқичи сифатида хизмат қилади.
ТИВдаги учрашув якунларига кўра Ўзбекистон ва Жазоир ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисида Протокол имзоланди.
Музокараларда Жазоир элчиси Насер Бушерит иштирок этди.
Изоҳ (0)