Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг Кенгашига учта аъзосининг сайловини бекор қилди. Бу ҳақда, Reuters агентлигига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Мазкур сайлов ОФКнинг навбатдан ташқари съездида иштирок этган 44 делегатдан 42 нафари кун тартибига қўйилган масалага қарши овоз берганидан сўнг бекор қилинди.
ФИФА Кенгашининг янги таркибдаги йиғилиши 2016 йилнинг 13—14 октябрь кунлари Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтади.
Шу йилнинг 9—10 май кунлари Мехикода ФИФАнинг қайта ташкил этилган Кенгаши биринчи йиғилишида ташкилотнинг Ижроқўми аъзолари иштирок этганди.
ФИФА 2016 йилнинг 30 сентябрига қадар конфедерациялар Кенгашга янги аъзоларни сайлаш ҳақида қарор чиқарган эди.
ФИФА уставидаги ўзгаришлар 2016 йил 27 апрель куни, ташкилотнинг навбатдан ташқари конгрессида (26 февраль куни) қабул қилинганидан 60 кун ўтиб кучга кирди.
Унга кўра, Ижроқўм ўрнига ФИФА Кенгаши ва бош котибият фаолият юритади. ФИФА Кенгаши стратегик ва «сиёсий» масалаларни ҳал қилади.
Бош котибият эса ташкилотнинг фаолияти ва тижорат масалаларини назорат қилади. Шунингдек, Кенгаш Бош котибият ва қўмиталарнинг фаолиятини ҳам назорат қилиб боради.
Изоҳ (0)