АҚШ Кенг қамровли қўшма ҳаракат режаси доирасида Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг бир қисмини бекор қилди, аммо чеклов чораларининг бошқа қисми амалда, негаки у расмий Теҳроннинг ракета дастурига тааллуқлидир. Бу ҳақда АҚШ энергетика вазири Эрнест Монис МАГАТЭ Бош конференциясининг 60-сессияси доирасида берган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
«Бу атом соҳасига оид келишув эди. У фақат ядровий дастур атрофига қурилган эди. Санкцияларнинг олиб ташланиши фақат ядровий дастур атрофидаги масалаларга боғлиқ эди, ва бу амалга оширилди», — унинг сўзларини келтиради «ТАСС».
«Лекин шуни эслатиб ўтмоқчиманки, Эронга нисбатан бошқа санкциялар ҳам бор, ва бу санкцияларнинг бекор қилиниши келишувнинг бир қисми эмас эди», — қўшимча қилди Монис.
Бир муддат илгари Эрон атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий мамлакатга қарши санкцияларни бекор қилиш ишида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаганини айтиб, Монисга мурожаат қилган эди.
«Ракета дастурига тааллуқли санкцияларнинг бекор қилиниши келишув шартларига кирмаган эди», — деб жавоб берди Монис.
Изоҳ (0)