АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги собиқ ходими Эдвард Сноуден Оливер Стоуннинг «Сноуден» фильмида суратга тушди, деб ёзади «Газета.ru» картина ижрочи продюсери Игорь Лопатенокка таяниб.
«Эдвард фильмда пайдо бўлади, у Москвада бир кун суратга олиш ишларида қатнашди», — деди Лопатенок.
Унинг сўзларига кўра, суратга олиш ишлари асосан Мюнхенда, шунингдек, Гавайи ороллари, Гонконг ва Вашингтонда (Сноуден у ерга бора олмаган) бўлиб ўтган. Фильм устида ишлаш давомида режиссёр Сноуден билан жами ўнга яқин марта учрашган.
«Бош рол ижрочиси Жозеф Гордон-Левитт ҳам Эдвард билан учрашди», — дея таъкидлади Лопатенок. Унинг қўшимча қилишича, Сноуден фильмни кўриб, уни маъқуллаган.
Бундан ташқари, фильмнинг россиялик томошабинлар учун мўлжалланган версияси АҚШда катта экранларга чиқадиган вариантдан тўрт дақиқа узоқроқ давом этади. «АҚШдаги прокат учун нимани кесиб ташлашгани — ҳозирча сир», — деди Лопатенок.