Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан «Тарихий созларнинг сеҳрли садоси» мавзуида кўргазма очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда музей директори Х. Файзиев ва бошқалар иштирок этди.
Кўргазмада андижонлик моҳир уста Абдумалик Мадраимовнинг шахсий коллекциясидан ўрин олган қирқдан зиёд буюм намойиш этилмоқда.
Коллекциядаги чолғу асбоблари икки даврга бўлинган: биринчиси темурийлар даврининг тарихий тикланган созлари, иккинчиси эса мустақиллик йилларида темурийлар даври созгарлиги анъаналари давом эттирилиши натижасида яратилган намуналар.
А. Мадраимов Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, турли симпозиумлар ва бошқа тадбирларда чолғу созлар коллекцияси билан фаол қатнашиб келмоқда.
Уста IX–XVI асрларда яратилган, кейинчалик унутилиб кетган мумтоз мусиқа асбобларини қайтадан тиклаб келмоқда ҳамда уларнинг янги замонавий нусхаларини яратиш билан шуғулланмоқда. Ҳунарманднинг самарали ижодий меҳнати ва изланиши натижасида ғижжак Бобурий, дилрабо, дилнаво, мерос, хушнаво, қўштор, чанги қақнус деб номланган созлар яратилди.
А. Мадраимов яратган мумтоз созларнинг энг саралари Темурийлар тарихи давлат музейи, Андижондаги Бобур ва жаҳон маданияти музейининг доимий кўргазмаси, Англия қироллик музейи, Япония санъат музейларидан ўрин олган, дунёнинг 43 давлатига экспорт қилинган.
Моҳир уста юздан ортиқ шогирдига ҳунармандлик сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.
Изоҳ (0)