ANews баъзи мамлакатлар етакчиларининг шахсий самолётлари бўйлаб «саёҳат» ташкил қилди.
Дэвид Кэмерон ва унинг «Таркидунёчилик борти»
Буюк Британия бош вазирида хизмат парвозлари учун шахсий самолёт яқинда пайдо бўлди, шу мақсадда Airbus A330 борти қайтадан жиҳозланди. Катта вазирлар ва қироллик оиласи аъзолари ҳам учиши мумкин бўлган самолёт британиялик солиқ тўловчиларга 10 миллион фунтга тушди. Ҳукумат таъкидлашича, алоҳида самолётдан фойдаланиш чартер авиарейсларига қараганда йилига 700 минг фунтга арзонроққа тушади.Бош вазир ишонтиришича, самолёт қатъий тежамкорлик шароитларида жиҳозланди ва энг оддий пардоз материалларидан фойдаланилди. Интернет фойдаланувчилари самолётни «Таркидунёчилик борти» деб номлашни таклиф қилди.
Барак Обама ва унинг «Охир замон самолёти»
Boeing VC-25 моделидаги иккита президент самолёти 1990 йилда фойдаланишга киритилган. Уларнинг ҳар бири 325 миллион доллар туради.Интерьер 1987 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги 40-президенти Рональд Рейганнинг рафиқаси — Нэнси Рейган лойиҳаси бўйича безатилган.
VC-25 «Охир замон самолётлари»дан бири сифатида ишлаб чиқилган: ердаги қўмондонлик бошқарув пунктларининг барчаси йўқ қилинган тақдирда, самолёт президент, мудофаа вазири ва ҳарбий муассасанинг бошқа аъзолари учун бош штабга айланган ҳолда, уларнинг ўрнини босиши керак бўлади.
Владимир Путиннинг олтита учар саройи
Россия мансабдор шахсларини «Россия» махсус учувчилар отряди ҳаво орқали ўз манзилига етказади. Бугунги кунда Россия президенти ва асосий вазирларни ташийдиган ҳаво кемалари сони олтитани ташкил қилади.1996 йилдан буён президентнинг асосий самолёти Ил-96-300ПУ — Ил-96 йўловчи самолётининг модификацияланган варианти ҳисобланади. У ядровий низо юзага келган тақдирда қуролли кучларни бошқариш имконини берувчи ускуналар билан жиҳозланган.
Владимир Путин учун янги самолёт 2003 йилда қурилган. 2010 йилда ўша пайтда президент бўлган Дмитрий Медведев авиапаркни яна иккита самолётга кенгайтирди. 2013 йилда уларнинг сафига яна иккита самолёт қўшилди.
Оддий рейс самолётларидан ушбу машиналар қимматбаҳо пардоз материаллари ҳамда махфий музокаралар олиб бориш ва зарур бўлганда мамлакат ядро кучларини бошқариш имконини берувчи такомиллаштирилган алоқа қурилмаси билан фарқ қилади.
Франсуа Олланд ва бировнинг хотини исми билан номланган самолёт
2010 йил ноябридан буён Франция президентлик флоти фойдаланиш учун Airbus A330-200’ни қабул қилиб олди, у тахминан 176 миллион еврога тушди.Франция президент флоти, шунингдек, ўз ичига 2009 ва 2010 йилларда харид қилинган иккита Falcon 7Х самолётларини ҳам олади. Николя Саркози ўз президентлиги мобайнида улардан бирига рафиқаси Карла Бруни шарафига «Карла Биринчи» деб ном берди.
Ангела Меркель ва унинг «ўйинчоқ» самолёти
2011 йил Lufthansa авиакомпанияси канцлер ихтиёрига Airbus A340 лайнерини топширди. Айнан у канцлер ва ҳукуматнинг асосий самолётига айланди.Лайнер қўшимча ёқилғи олмасдан туриб, 13 500 км масофага учишга қодир, бу Берлиндан тўғри Пекин, Вашингтон ва ҳатто Рио-де-Жанейрога етиб бориш имконини беради.
Самолёт Германиянинг биринчи канцлери Конрад Аденауэр номи билан аталди. Ундан кўп ўтмай, ҳукумат ГФР собиқ президенти Теодор Хойс номидаги иккинчи самолётга ҳам эга бўлди.
Яқин масофаларга учиш учун германиялик сиёсатчиларда тўртта кичик Global 5000 самолёти ҳам бор, улар 13 нафардан йўловчини сиғдира олади.
Ушбу самолётларнинг ихчам кўриниши кулгили вазият юзага келишига сабаб бўлган. 2016 йил июнида интернетда Меркелнинг Global 5000 ва Франсуа Олланднинг Falcon 7Х самолётлари Британиянинг Iron Maiden рок-гуруҳи самолёти фонида жимитдек бўлиб тургани акс этган сурат пайдо бўлган эди. Улкан «Боинг» олдида Меркель ва Олланднинг самолётлари кулгили ва ўйинчоқсифат бўлиб кўринди.
Изоҳ (0)