Сочи Олимпиадасида олтин медаллар олган тўрт нафар россиялик спортчи ман этилган препаратларни қабул қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Россия аксилдопинг агентлигининг собиқ ходими Виталий Степанов бу ҳақда CBS телеканалига берган интервьюсида ҳикоя қилиб берди. Унинг интервьюси тўла шаклда 8 май куни намойиш этилади. Анонсда айтилишича, ҳозир АҚШда яшаётган Степанов каналга Москва аксилдопинг лабораториясининг собиқ раҳбари Григорий Родченков билан Skype орқали олиб борган ёзишмаларини тақдим этди.
Родченков (у ҳам ҳозир АҚШда), ўз навбатида, лабораториянинг Олимпия ўйинлари пайтидаги фаолияти Федерал хавфсизлик хизмати томонидан назорат қилинганини, шунингдек, мусобақалар чоғида допинг қабул қилган спортчилардан иборат «Сочи рўйхати» ҳақида гапириб берди.
Изоҳ (0)