АҚШнинг Висконсин штатидаги Медисон шаҳри суди Apple компаниясини ҳуқуқлари Висконсин университетига тегишли патентлардан ноқонуний равишда фойдаланганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Қайд этишларича, суд 1998 йили университет ходимлари томонидан ишлаб чиқилган ва хусусий Wisconsin Alumni Research Foundation ташкилотига тегишли патентни ҳақиқий, деб тан олган.
Патентлаштирилган технология процессор фаолиятини оптимизация қилиб, энергия сарфини камайтиришга ёрдам беради. Маълум бўлишича, iPhone 5s, 6 ва 6 Plus смартфонлари, iPad планшетининг баъзи версияларида фойдаланилаётган A7, А8 ва A8X процессорлари патент ҳуқуқини бузмоқда.
Энди Apple 862 миллион долларгача жаримага тортилиши мумкин. Агар компания патент ҳуқуқларини қасддан бузгани аниқланса, жарима миқдори оширилиши мумкин.
Изоҳ (0)