Ўзбекистонда стартапларни ривожлантириш истиқболлари тўғрисидаги баҳс-мунозара ICT Forum 2015’даги Startup Mix’нинг энг ёрқин ҳодисаларидан бири бўлди, унда сўз луғатимизда «стартап» сўзи мавжуд бўлмаган даврда ўз бизнесини муваффақиятли тарзда амалга оширган таниқли ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирок этди. Дискуссия спикерлари Роман Гольд (JSCapital, Исроил), Ҳикмат Абдураҳмонов (AMBiT), Сурен Сапов (Afisha Media), Лазиз Адҳамов (SAP) модератор ва тингловчилар саволларига жавоб берди. Лойиҳани қандай бошлаш, жамоада қандай бирга ишлаш, муносиб кадрларни қаердан топиш ҳақида қизиқарли саволлар берилди.
Роман ишга киришиш ва амалга оширишни бошлашдан аввал хавфсизлик ёстиғини йиртиб ташлаш ҳақида ёрқин нутқ сўзлади. «Сариқ чақасиз ёки доим ёрдамга келишга тайёр оилангиз ҳимоясисиз қолсангизгина муваффақиятга эришиш мумкин, чунки бунда чекинадиган жойингиз бўлмайди, — деди у. — 3 минг долларим бўлганида, 2500 долларига тилларанг MacBook, қолганига Apple Watch сотиб олардим. Бир тийинсиз қолгач, ишни бошлаш ва ҳақиқий муҳим масалаларни ечиш мумкин».
Лазиз Адҳамов кофаундер (компанияга биргаликда асос солган кишилар) билан қандай ҳамкорлик қилиш ҳақидаги саволга жавобан, авваламбор ўз-ўзини SWOT-таҳлил (кучли ва заиф томонлар таҳлили) қилиш, шундан кейингина ўз камчиликларини англаган ҳолда бошқаларнинг айбини қидиришни тавсия қилди. Ҳикмат Абдураҳмонов Ричард Бренсон номидан маслаҳатлар берди: одамлардаги яхши хусусиятларни қидиринг, тирноқ тагидан кир топишга ҳаракат қилманг. Роман эса биргаликдаги мажбуриятларни бажаришга тўсқинлик қилувчи вазиятларга йўл қўймаслик учун кофаундерларнинг ўзаро алоқаларини юридик жиҳатдан тартибга солиш ва масъулиятнинг тақсимланиши аҳамиятини тилга олди.
IT кадрларни қаердан олиш кераклиги ҳақидаги саволнинг жавоби Сурен Саповнинг ОТМлар, хусусан Инҳа университети билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш истагига уланиб кетди. Бунда ушбу университетнинг IT-мутахассислар тайёрлашдаги обрўси бугунги кунда тез суръатлар билан ўсиб бораётгани таъкидланди. Роман ўз мамлакатида ҳам бундай муаммо борлиги, уни кадрларни мактабданоқ узоқ муддатга ёллаш, йирик компанияларда ёшлар учун бепул стажировка ташкил қилиш усуллари билан қимматли кадрларни деярли нолдан бошлаб етиштиш орқали ҳал қилишларини қайд этди.
Лойиҳа «Дарё» ва StartupFactory.uz томонидан ишга туширилган.
Изоҳ (0)