Тошкентда қарама-қарши йўналишлари панжаралар билан ажратилган йўлда Nissan ҳайдовчиси пиёдалар йўлаги учун ажратилган оралиқдан қарама-қарши йўналишга ўтиб ортга бурилмоқчи бўлди. Тегишли фотосурат Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳига жойлаштирилган.
Суратда қизил рангдаги Nissan Altima автомобили пиёдалар йўлагидан ўтишга уринаётгани, натижада пиёдалар йўлакдан чиқишга мажбур бўлгани, автомобиль эса велосипедчада ўтирган болани уриб юборишига бир баҳя қолгани акс этган.
Сурат остига изоҳ қолдирган фойдаланувчиларнинг аксарияти Nissan ҳайдовчисини кескин танқид остига олган. Қимматбаҳо хориж автомобилида юриш ҳамма нарса қилиш мумкинлигини англатмаслигини қайд этишган. Бундай йўлларда юқоридагига ўхшаган ҳолат кўп учраб туришини ҳам маълум қилишган.
Изоҳ (0)