2015 йилнинг 14 февралида Тошкент вилояти «Чимён» соғломлаштириш маркази (Дор йўли)да биринчи марта Red Bull ChimRun чанғичи ва сноубордчилар ялпи пойгаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчилари «Дарё»га маълум қилди.
Тажрибаси ва ёшидан қатъи назар барча учун ўтказилган пойгада 200 га яқин чанғичи ва сноубордчи қатнашган. Спорт директори Денис Григоревнинг кўрсатмаси билан соат 13:00 да чанғичилар пойгани бошлади, 15 дақиқадан кейин эса улардан уч баравар кўп бўлган сноубордчилар старт олди. Бир неча дақиқадаёқ ғолиблар марра чизиғини кесиб ўтди. Чанғи тезлик бобида сноуборддан устунлиги яна бир бор исботланди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда чанғичи Александр Карабанов ва сноубордчи Эрлан Худайберданов ғолибликни қўлга киритди. Аёллар ўртасида эса чанғичи Ксения Требисовская ва сноуборчи Анна Вишневская биринчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)