Алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдоси, айниқса, яширин ишлаб чиқаришнинг хомашё манбаларини фош этиш бўйича СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Жумладан, департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мўмай даромад топиш илинжида бўлган уч нафар фуқаро Наманган тумани Орзу маҳалла фуқаролар йиғинидаги биноларнинг бирида яширин цех ташкил этгани маълум бўлди. Улар қалбаки акциз маркалардан фойдаланиб, ноқонуний равишда қўлбола ароқ ва вино маҳсулотларини ишлаб чиқариб сотаётгани аниқланди.
Тезкор тадбирда қонунбузарлардан жами 23 миллион сўмдан зиёд 4 турдаги 2249 дона қўлбола алкоголь маҳсулотлари ва бошқа товарлар олиб қўйилди. Ушбу қўлбола алкоголли маҳсулотлар истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Эгри йўлни танлаган ҳуқуқбузарлар қонун олдида жавоб беришади, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)