Осиё кубоклари тарихида илк марта бир мамлакатдан икки нафар бош ҳакамлар мусобақага жалб қилинганди. Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками Равшан Эрматов ва Валентин Коваленко ҳам Австралияда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишганди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Қитъа чемпионатининг очилиш ўйинини Равшан Эрматов бошқариб борди. Ҳаттоки у иккинчи ва учинчи турларда ҳам ОФК ҳакамлар қўмитаси томонидан ўйинларга тайинланди. Аммо Валентин Коваленко ҳали бирорта ҳам ўйинга тайинланмади. Унинг ёрдамчилари — Жаҳонгир Саидов ва гонконглик Чоу Чун Кит (Маъмур Саидқосимов жароҳат боис мусобақага бора олмагани ҳақида хабар бериб ўтгандик) австралиялик рефери Крис Бёз билан бирга “C” гуруҳ вакиллари — Баҳрайн ва БАА ўртасидаги ўйинда ишлашди. «Stadion.uz» сайти Валентин Коваленкога билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритиб ўтди.
Маълум бўлишича, Коваленко Австралияга етиб борганидан кейин тоби қочиб қолган. Унинг тузалиши қийин кечган. Унинг аҳволига шифокорлар аниқ диагноз қўя олишмаган ва уни даволай олишмаган. Ҳамюртимиз 10 кун давомида иситмалаб ётганидан кейин ортга қайтишга мажбур бўлган. ОФК ҳакамлар қўмитаси ҳам ҳамюртимизнинг соғлигини ўйлаб, уни Тошкентга юборишга қарор қилди. Ҳозирда у Тошкентда даволаниш курсини ўтамоқда ва аста-секин соғлигини тикламоқда.
Изоҳ (0)