Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов Хитой терма жамоасига қарши Осиё Кубоги — 2015 “B” гуруҳи 2-тур ўйинидан сўнг Twitter’да мухлисларга жавоб берди. Бу ҳақда «Stadion.uz» хабар бермоқда.
Twitter фойдаланувчиларидан бирининг Виталий Денисовга мурожаат қилиб, «бугунги ўйинингиз учун сизга икки баҳо» қабилида ёзган твитига, футболчи: «Икки бўлса икки-да», — деб жавоб қайтарган.
Шундан сўнг иккита алоҳида твит ёзиб, Хитойга қарши мағлубиятдан сўнг жамоатчилик томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида билдирилган салбий фикрларга жавоб берган.
«Кўп ‘яхши нарсаларъни ўқидим. Мен терма жамоамизга ишонаман ‘Олға, Оқ бўрилар! Ғалаба сари олға!’, деб баралла айтаман», — деди Виталий Денисов.
«Ҳа, бугун биз имкониятни бой бердик. Лекин бу бизни ҳисобдан чиқариш учун сабаб бўла олмайди», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь, чоршанба куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хитойга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Сўнгги турда Қосимов шогирдлари Саудия Арабистонига қарши кейинги босқич йўлланмаси учун майдонга тушади.
Изоҳ (0)