Саудия Арабистони вакиллари нефть бозори иштирокчилари ва таҳлилчилар билан сўнгги учрашувлар чоғида Ар Риёд кейинги бир-икки йил давомида нефтнинг бир баррелини 90 доллардан камроқ, ҳаттоки 80 доллардан сотишга тайёрлигини билдирган, деб хабар бермоқда «Ведомости».
Учрашувлар қатнашчиларининг сўзларига кўра, бу ўрта муддатли истиқболда нефтдан юқорироқ даромад олиш имконини беради. Чунки, нефтнинг паст нархда бўлиши ишлаб чиқарувчиларни янги соҳаларга, жумладан, чуқур сувости қазиш ишлари ва АҚШнинг сланец нефть конлари лойиҳаларига сармоя киритишни музлатиб қўйишга мажбур қилади.
Кунига 9,7 миллион баррель нефть қазиб оладиган Саудия Арабистонига ОПЕК (Нефтьни экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти) давлатлари нефтининг учдан бир қисми тўғри келади. Саудия Арабистони нефть қазиб чиқариш ҳажмини ўзгартириш эвазига «қора олтин» нархига таъсир эта оладиган давлатлардан ҳисобланади. Нефть қазиб чиқариш ҳажмини ва нархини тушириш бўйича қолган нефть экспорт қилувчи давлатлар Ар Риёд билан бир хил фикрда эмас.
Изоҳ (0)