Таиланд ҳарбий хунтаси етакчиси Прают Чан-Оча мамлакат Бош вазири этиб сайланди. 60 ёшли Чан-Оча мазкур лавозимга номзодини қўйган ягона шахс эди, деб хабар бермоқда Euronews.
Вақтинчалик парламентда Чан-Очага депутатларнинг ярмидан кўпи овоз берди. Натижалар Таиланд қироли Пумипон Адулядет томонидан расман тасдиқланиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 майида Таиланд Конституциявий суди мамлакат бош вазири вазифасини бажарувчи Йинглак Чинават ўз лавозимини тарк этиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган эди. У ўз ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланган.
Йинглак Чинават бошчилигидаги ҳукуматнинг истеъфога чиқишини талаб қилган мухолифатчи кучлар томонидан етти ой мобайнида ўтказилган ҳукуматга қарши намойишлар 22 май куни Таиландда давлат тўнтарилиши амалга ошишига олиб келди. Ҳарбийлар фуқаролик ҳокимиятини ҳукуматдан четлаштириб, сенатни тарқатиб юборган ва конституциянинг амал қилишини тўхтатган.
Изоҳ (0)