Daryo

Давлат активларини сотиб олиш ва ижарага олишда янги имтиёзлар белгиланди

Уч ой давомида очиқ электрон онлайн аукцион ва биржа савдоларида сотилмаган давлат активларининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади.

2 дақиқа ўқиш3 179 кўришлар0 изоҳ0

Давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда аванс тўлови 15 фоизга туширилди. Харидорга қолган суммани қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.

Президентнинг 28 августдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда 15 фоизлик аванс 30 календарь кун ичида тўланади. Қолган маблағни эса қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин.

Шунингдек, электрон онлайн аукцион, танлов ва биржа савдоларида сотилган қиймати БҲМнинг 23 минг бараваридан юқори давлат активлари ҳамда БҲМнинг 8 минг бараваридан юқори қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун харидорларга қўшимча имкониятлар берилади.

Хусусан, харидор тўловнинг 100 фоизини 6 ой ичида амалга оширса, жами суммага нисбатан 25 фоиз чегирма қўлланади. Тўловнинг 50 фоизи 6 ойда амалга оширилган тақдирда, қолган сумма 7 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўланади. 35 фоиз тўловни 3 ой ичида амалга оширган харидорга эса қолган суммани 5 йил давомида фоизсиз тўлаш имконияти берилади.

Давлат активлари учун тўловнинг камида 50 фоизини амалга оширган харидорларга объектларни реконструкция қилиш, жумладан, янгидан қуриш учун бузиш ва таъмирлаш ҳуқуқи ҳам берилади.

Бундан ташқари, давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини электрон онлайн аукционда сотишда аукцион қадами объектнинг бошланғич нархининг 1 фоизи миқдорида белгиланади. Такрорий савдоларда фақат битта талабгордан ариза тушган бўлса, унга лотни шу савдода эълон қилинган нархда ихтиёрий сотиб олиш таклиф этилади.

Электрон онлайн аукцион ва танлов савдолари ҳақидаги хабарларни эълон қилиш муддати ҳам қисқартирилади. Оддий савдолар учун бу муддат 30 кундан 15 кунгача, такрорий савдолар учун эса 10 кундан 5 кунгача камайтирилади.

Давлат активи уч ой давомида сотилмаса, уни электрон онлайн аукцион ва танлов савдоларида гибрид аукцион — инглиз-голланд модели асосида сотишга рухсат берилади. Бунда такрорий аукцион дастлаб мол-мулкнинг бошланғич нархидан бошланади ва нарх 2 фоизлик қадамлар билан пасайтириб борилади. Харидор томонидан таклиф билдирилгач, савдо таклиф қилинган нархдан бошлаб ошириб бориш тартибида давом этади.

Шунингдек, уч ой давомида очиқ электрон онлайн аукцион ва биржа савдоларида сотилмаган давлат активларининг бошланғич нархи баланс ёки соф активлар қийматидан қатъи назар, босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади. Икки ой давомида сотилмаган давлат активларини лотларга бўлиш ёки бирлаштириш орқали қайта савдога чиқариш ваколати Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади.

Фармон давлат иштирокини иқтисодиётда қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган.

Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилиши ҳақида хабар берилганди.

Мажлисда давлат раҳбари ҳудудларда “бизнес имкониятлари”ни ошириш, минглаб гектар бўш ер ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активларини тўлақонли иқтисодий айланмага киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар