Daryo

“Яшаш-шин Ишталин!” Муҳаммад Юсуфнинг совет цензурасини довдиратган асари

Қатъий цензурадан ўтиб, қонхўр доҳийни битта сатрда қандай тасвирлаш мумкин? Нега унинг машҳур шеъри йиллар давомида саҳнада қулоққа қийшиқ куйланиб келинди? “Улоқни доим олиб кетган” ижодкорнинг шуҳрат ортидаги яширин жанги ва сирлари қандай эди? Юрак хуружи сабаб минбардаёқ жон берган шоир ўлими ҳақида олдиндан билганмиди? Ушбу саволларга қуйидаги мақолада жавоб топамиз.

11 дақиқа ўқиш160 278 кўришлар1 изоҳ0

Мендан нима қолар,
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ...

Бу шеърнинг давомини билишингизга ишончим комил, муаллиф шеърни қирқ ёшга энди кирган чоғида, эрта кетган дўсти — шоир Шавкат Раҳмон хотирасига бағишлаб ёзган эди. Ўшанда ўзи ҳам худди шундай эрта ва кутилмаганда кетишини билармиди-билмасмиди, буни энди ҳеч ким айтиб беролмайди.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Аммо бизда шоирни таниб олиш учун асарлар, манбалар ва мақолалар бисёр. Табиат билан сирлашиб улғайган бу болакай қандай қилиб ўзбекнинг эрка ва бунчалик халққа яқин шоирига айланди? Унинг самимий табассуми ортида қандай изтироблар яширинган? Халқнинг юрагидан урган шоирни ажал ҳам юрагидан тутиб олиб кетгани тасодифмиди ёки унинг аниқ қисмат тенгламасининг бориб турган жавоби? Аввало Муҳаммад Юсуфнинг ҳикояси қаердан бошланганини билиб олайлик, қолгани ҳам қадамба қадам ойдинлашади...

Қовунчидан чиққан йўл

1954-йилнинг 26-апрели. Андижон вилояти, Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида дунёга келган Муҳаммаджоннинг болалиги далалар, ялпизлар ва бедапоялар пойида кечди. Унинг қалбида шеъриятга бўлган олов шунчаки ҳавас эмасди. Онаси Энахон аянинг хотирлашича, Муҳаммаджон ўсмирлик чоғларида тушида Ҳазрати Хизрни кўради. Ариқ бўйида ўтирган болакайнинг ёнига келган нуроний зот унга қараб дуо қилади: “Ёз, ўғлим, албатта, ниятингга етасан!” Буни факт деб қабул қила олмаймиз-у, лекин шоирнинг ҳаёт йўлига назар ташлаб, ёлғонга ҳам чиқариб бўлмайди.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Ёш ижодкор 1973-йилда ўрта мактабни аъло баҳоларга битириб, пойтахтдаги Рус тили ва адабиёти институтига — ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга киради. Талабалик йилларидаёқ, 1976-йилда, унинг илк шеърлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилади. Йигирмага тўлмаган йигитнинг исми шу тариқа биринчи бор газета саҳифасида кўринади.

Кечагина қишлоқдаги қизларнинг бари.
Менга сирли қошлар қоқиб қарашарди.
Қарашмаса, уйларига тунда бориб,
Тошлар отиб қочар эдим, ярашарди.

Саҳаргача атрофида айланишиб,
Дилхун уйга қайтар эдим, билишарди.
“Кимни кутиб турибди бу йигитча”, деб,
Девор оша мўралашиб кулишарди....

Бекатда қолган сўз

1978-йилда институтни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб келгач, у аввал республика Китобсеварлар жамиятида, сўнг 1980-йилдан олти йил давомида “Тошкент оқшоми” газетасида мухбирлик қилади. Айнан шу даврда, Навоий кўчасидаги нашриётлар биноси ошхонаси олдида, сочи майда ўрилган, дўппили бир қизни кўриб қолади. Талаба қиз — Назира — ҳатто унга қарамай ўтиб кетади. Аммо йигит шу заҳоти дўстларига қатъий тарзда: “Мана шу қиз менинг тақдирим. Кўрасизлар, шу қизга, албатта, уйланаман!” деб қўяди.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Шоир қизни кузатар, трамвай бекатларида уни пойлаб юрарди, гаплашишга эса журъат этмайди. (Ўртада Муҳаммад Юсуф армияга кетгани сабаб 2 йиллик узилиш ҳам бўлади.) Ўша кунларнинг изи кейинроқ шеърларга ҳам кўчган:

Бекатларда мен қоларман-да,
Айтар сўзим қолиб кетади.
Трамвайлар сени ҳар куни
Бодомзорга олиб кетади.

Термуламан, изларидан жим,
Боқиб кўзим толиб кетади.
Бодомзорга сени ҳар куни
Трамвайлар олиб кетади.

Ниҳоят 1983-йилда улар турмуш қуради. Бирин-кетин уч қизлари — Масъуда, Нозима ва кенжаси Мадина дунёга келади. Учинчи марта ҳам қиз кўриб хафа бўлган рафиқасига у туғуруқхонага хат йўллайди: “Оллоҳ ҳатто пайғамбарларимизни ҳам қиз билан сийлаган. Сиз менга пайғамбарлар бахтини ато этдингиз.” Кенжа қизи туғилган йили, 1985-йилда, унинг илк шеърий китоби — “Таниш тераклар” босмадан чиқади.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Ижод унга ҳеч қачон осонлик билан келмаган. Шеър туғилаётган лаҳзаларда у ҳеч кимни, ҳатто қизларини ҳам кўрмай қоларди. Бир куни у ижод қилар экан қизи Нозима югуриб келиб тиззасига ўтиради, ижодий хаёлдан тўсатдан ўзига келган шоир, қизига овозини кўтариб юборади. Буни кутмаган Нозима хафа бўлиб хонадан чиқиб кетади. Аёли баланд овоздан чўчиб хонага югуриб кирганида эса шоир қўлидаги ручкани синдириб ташлайди, Муҳаммад Юсуфнинг кўзлари ёш билан тўла эди. Кейин у қизининг ортидан бориб ўпиб, ундан кечирим сўрайди.

Кечаси эса яна ижодга шўнғийди — тонгга бориб рафиқаси стол устида янги шеърни топади. Шеър шундай бошланади:

Шуҳратга ўч бўлсам керак мен гумроҳ,

Ёлғон бўлса керак дилда нолам ҳам.

Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ,

Кўзимга кўринмай қолар болам ҳам.

Шеър эса ўз-ўзини аёвсиз судлаган бу сатрлар билан якунланади:

Улар шеър ёзмасин ҳеч менга ўхшаб,

Мендан нафи кўпроқ тегар элимга.

Шоҳ асар бўлса ҳам, тупурдим ўша –
Боламни йиғлатиб ёзган шеъримга.

“Бош қолмади дўппига лойиқ”

Китоби чиққач, унга “Дархон” маҳалласидан уй беришади, аммо шуҳрат тинч келмайди — мустабид тузум ижодкор ёшларнинг ҳар бир сатрини синчиклаб кузатиб турган давр эди.

Бир куни ҳамкасби, “Ёшлик” журналида ишловчи ёзувчи Муроджон Мансуров журналнинг хомаки нусхасини тегишли идоранинг масъул ходимига олиб боради. Ходим унинг бошидаги оҳори тўкилмаган дўпписига истеҳзо билан узоқ тикилади-да, ижирғаниб бир неча шеърга эътироз билдиради. Хафагазак қайтаётган Муроджон ака йўлда Муҳаммад Юсуфни учратиб, воқеани айтиб беради.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Ёш шоир: “Ғаройиб иш бўлибди, хафа бўлманг, Муроджон ака”, деб мийиғида кулиб қўяди, ичида эса бошқа бир сатр аллақачон пишаётган эди. Орадан кўп ўтмай, айнан шу воқеа заминида “Дўппи” шеъри туғилади — дўсти бошига тушган хўрликка жавобан ёзилган бир бағишлов.

Дўппи киймай қўйди одамлар,
Бир шоир, бир носирдан бошқа.
Сочлар силлиқ,
Силлиқ қадамлар,
У оғирлик қиляпти бошга...

Бу қандайин кўргулик савдо,
Дўппи киймай қўйди халойиқ.
Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё
Бош қолмади дўппига лойиқ.

Бу шеър 1980-йилларда Ёзувчилар уюшмасидаги катта бир мушоирада ўқилганда, зал қарсакларга тўлади. Ёзувчи Муҳаммад Али ўша кунни шундай эслайди:

Қорачадан келган нотаниш йигитча минбарга чиқиб, таниқли шоирлар қаторида туриб бир зумда ҳаммани ортда қолдирди — халқ тилида айтганда, “улоқни олиб кетди”.

Орасидан беш-олти йил ўтар-ўтмас “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз” билан “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” ва “Кўнглимда бир ёр” (1990), “Бевафо кўп экан” (1991), сўнг “Ёлғончи ёр” ва “Эрка кийик” — китоб устига китоб босилади.

“Уйқудаги қиз” тўплами учун 1989-йилда унга Республика Ёшлар мукофоти берилади. Адабиётшунос Озод Шарофиддинов кейинроқ бу давр ҳақида шундай ёзади: Муҳаммад Юсуф “халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди”.

Аммо айтганимдай, тез келган шуҳрат тез ҳасадни ҳам келтиради: баъзи тенгдошлари унинг шеърларини “рўзғорбоп”, ижодида “янгилик йўқ” деб камситишга уринишарди. Бир куни нашриётдан тушкун ҳолатда чиқиб кетаётганида, Шукур Қурбон шоирнинг аҳволини кўриб унга Сергей Есениннинг худди шундай танбеҳларга берган жавобини эслатади: “Улар ёзаётган шаклларда ҳам жуда ёзганмиз. Энди ўз йўлимизни топиб олдик. Улар билмайдиларки, биз тўғри йўлдамиз, биз ҳали ҳаммасидан ўтамиз!!!” Шу кундан “Билмайдиларки...” сўзи улар орасида бир махфий паролга айланади — у ҳар сафар ҳол-аҳвол сўралганда шуни такрорлайдиган бўлади.

Қора қуёш, Эрка оҳу ва Ишталин

Шу йилларнинг ўртасида — 1988-йилда, ҳали “қайта қуриш” сўзи ҳам тўлиқ эркинлик бермаган бир чоғда — у шеъриятда кўпчилик журъат этмаган мавзуга қўл уради. “Қора қуёш” достони архив ҳужжати билан бошланади: 1946-йилда, афтидан Сибирдаги бир сургун манзилидан синглиси Қумрига ёзилган, имзосида фақат “Акмал” деган исм қолган бир маҳбус хатидан. Муаллиф изоҳида буни “тасодифан топиб олганини” айтади — наср билан шеърни, ҳужжат билан лирикани қориштирган бу усул достонга камёб ҳужжатлилик кучини беради.

Достон саҳифама-саҳифа халқ танасидаги энг оғриқли жойларга тегади. Бир бобда Сталин номини тўғри талаффуз қилолмай, халқ олдида “Ишталин” деб юборгани учун отиб ташланган соқов бор:

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Соқовни қамашди,
Соқов “душман”ни,
Сиёсий саводсиз,
Анқов душманни…

Қамашди,
Бир кунда,
Пайсалга солмай.
Айби аниқ эди,
Айби маълум эди,

У доҳий отини
Тўғри айтолмай,
Ҳамманинг олдида
“Ишталин” деди!

Соқчига мўлтирар Соқов,
Қалтирар,
Ўлдиришар энди,
Уни ўлдирар.

Қолди уй,
Қолди — ғурбатхонаси.
Ғурбатхонасида — Қари онаси.

Яна бир зот кетди,
Шундай қилиб —
Соқовнинг бошига
Етди ўз тили…

Ўрмонда отишди,
Қор эди қалин.
Йиқилди.
Ҳайқириб: Яшаш-шин Ишта-лин!

Бошқа бир жойда эса ҳеч қачон кўрмаган одамнинг “думи” сифатида сургун қилиниб, фақат ўша сургуннинг ўзида унга биринчи бор юзма-юз келган маҳбус ҳақида ҳикоя бор.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

— Сизни нега қамадилар, биродар?
— Сулаймон Азимовнинг “думи”сан, деб!
— Кимнинг-кимнинг?
— Айтдим-ку, Азимовнинг…

Анчадан кейин бир оз ўзимга келиб, секин бориб елкасидан қучдим:
— Уни танийсизми?
— Йўқ, кўрмаганман…
— Унда келинг, танишволайлик, — дедим. — Мен ўша сиз айтган одам!.. (Марказқўмнинг собиқ котиби Сулаймон Азимовнинг хотираларидан)

Яна бир бобда ота-онаси Сибирга сургун қилинган болакайнинг тилидан айтилган машъум савол-жавоб бор — халқ оғзаки ижодидаги алла ва йиғи оҳангида ёзилган:

— Отанг қани, болам-ов?
— Отам Сибирга кетган.
— Онанг қани, болам-ов?
— Онам ҳам бирга кетган…

— Аканг қани, болам-ов?
— У дунёда ухлайдир.
— Уканг қани, болам-ов?
— Кўкрак сўраб йиғлайдир…​

Қўлёзмасини бошлиқ печкага ташлагач деворга бош уриб ҳалок бўлган номаълум адиб ҳам бор:

Соддадил адиб, унга қўлёзмани узатди. Бошлиқ қўлёзмани олди-ю гуруллаб ёниб турган печканинг ичига отди… У яна ўша зах ва қоронғи хонада ўзига келди. “Бу аблаҳнинг олдига мени ким бошлаб борди? Оёқларимми? Мен уларни ҳозироқ кесиб ташлайман. Наҳот шунча хўрликларни кўриб ҳам кўзим очилмади! Наҳот, бу бошда зарра ақл бўлмаса! Наҳотки, у мени жаллоддан ёрдам сўраб боришга ундади! Ҳозир… Ҳозир!…”

У даст ўрнидан туриб, югуриб бориб, зарб билан бошини деворга урди. Урди ва яна ураверди. Жони чиқиб кетгунча ураверди!.. Ким эди бу адиб? Қодирийми?.. Чўлпонми? Ёки Усмон Носирми?!.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Достон охирида эса Сталиннинг ўзига берган баҳоси ўзбек шеъриятида тенги кам бир формулага айланади:

Менга жуда азиз

Унинг сиймоси,

Бир қарасам,

Йўқдек сира қиёси.

У бир бағри дарё,

Бир бағритошдир,

У бир қуёш

Аммо — Қора қуёшдир!

Бу икки қарама-қарши туйғуни — бир вақтнинг ўзида қўрқув ва нафратни — битта сатрга сиғдирган формула эди, ва айнан шу иккиланиш туфайли достон совет цензурасидан омон ўтиб, халққа етиб боради.

Шу оғир мавзудан сўнг, худди нафас ростлагандек, у бутунлай бошқача, енгил майин шеърлар ҳам ёзади. Улардан бири — ўзига хос оҳангдор такрорлаш усулида битилган “Эрка кийик” — шундай бошланади:

Эрка кийик, майлими бир эркаласам,
Мажнун бўлиб саҳроларга еталасам,
Бу дунёда бирдай ғариб мен ҳам, сен ҳам,
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Сенинг кўзинг қора, менинг кўзим қора,
Сенинг бағринг яра, менинг бағрим яра,
Бу дунёда сен бечора, мен бечора!..
Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

Бу шеър 1993-йилда кичкина бир тақдир ҳазилини ҳам бошдан кечиради. Қибрайдаги машҳур ҳофиз Фахриддин Умаров уни қўшиққа солмоқчи бўлиб ўқиб, кутилмаган бир кузатув айтади: куйланганда “Эрка кийик” сўзи тингловчи қулоғига “Эркак кийик” бўлиб эшитилади, ҳолбуки “кийик” билан “оҳу” битта жонзот — нега ўшани ишлатмаслик керак? Шоир бир оғиз “Маъқул!” дейди, холос. Шу-шу, ўша шеър қўшиқ бўлганда “Эрка оҳу” номи билан минглаб юракка кириб боради, орадан йиллар ўтиб эса уни бир неча қўшиқчилар куйга солишган.

Аммо уларнинг аксариятида “Эрка(к) кийик” жумласи қолиб кетган. Нима ҳам дердик, истеъдодли ва уста ижодкор ўртасида фарқ бор.

“Отангиз, онангиз тушунмаса...”

Мустақиллик йиллари унинг ижодида янги босқич очади. “Ватаним” шеъри шундай бошланади:

Мен дунёни нима қилдим, Ўзим ёруғ жаҳоним,

Ўзим хоқон, Ўзим султон, Сен тахти Сулаймоним,

...Ўзинг менинг улуғлардан Улуғимсан, Ватаним…

— бу ерда у юртини шоҳ ва тахтдан ҳам юқори қўяди. Аммо у фақат ватанни мадҳ этувчи шоир эмасди. “Ўзбек” шеърида аввал онасини пахта пайкалида етти букилган ҳолда тасвирлайди:

Сен пахта терардинг етти букилиб,

Пайкалингда эдинг эй онажоним.

Ўзбекмисиз, дея ғалати кулиб,

Мендан сўраб қолди бир танноз хоним.

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

— сўнг эса халқнинг сукутига, итоаткорлигига очиқдан-очиқ исён кўтаради:

Сен нега Қримга бормайсан ёзда,

Ёки сен отангнинг ўгай ўғлисан?!

Сўкса индамайсан, қўйми-тўқлисан,

Урса йиғламайсан, демак — ўғрисан!

Адабиётшунослар бу сатрларни Чўлпоннинг “Ай тутқунлар… ай эзилган” деган халқ мурожаатига қиёслашади — иккаласида ҳам лирик қаҳрамон ўз халқига тўғридан тўғри, ҳеч иккиланмай юзланади. “Мен адабиётга ижтимоий шоир бўлиб кириб келганман”, дейди у кейинроқ бир суҳбатда.

Шеърни у китобдан эмас, ҳаётдан излайди: “Мен шеърни фақат кўчадан излаб, кўчадан топаман... Шеър, бу — ширин дард, азоб. Шоир шу дард бемори. Шунингдек, у жимжимадор сўзларни ҳам ёмон кўрарди, чунки, унинг фикри шундай эди, шеърни “отангиз, онангиз тушунмаса, нима кераги бор?”

1996-йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланади, 1997-йилдан Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди — ёш ижодкорларга устозлик қилиш умрининг сўнгги йилларида асосий машғулотларидан бирига айланади. 1998-йилга келиб эса “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини олади — мамлакат тарихида бу унвонга сазовор бўлган энг ёш ижодкор эди у ўша пайтларда.

Элликқалъа тасодифи

2000-йиллар бўсағасида у тез-тез Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманига — Тупроққалъа ва Аёзқалъа харобалари жойлашган қадим юртга сафар қилади. Шу ердаги ботаника боғида ўз қўли билан бир эман кўчатини ўтқазади-да, боғ мудирига ярим ҳазил-ярим жиддий шундай дейди: “Бу дарахтни беш юз йил яшайди дейишади. Лекин уни эккан одам дарахт умрининг ўндан бирини ё яшайди, ё яшай олмайди. Демоқчиманки, эллик ёшга ё кираман, ё киролмайман.” Афсуски, у ростан ҳам элликка етмайди.

Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам,
Ётар бўлсам қумга ботиб кўзларим,
Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам –
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…

Энг яқин дўстларим ғийбатим қилар,
Энг заиф душманим устимдан кулар.
Улар-ку, не қилса ўзлари билар,
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…

Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган расм

2001 йил 31 июль куни, у ўша Элликқалъада мухлислари билан учрашув чоғида минбарга чиқади, бироқ бир оғиз сўз дея олмай ерга қулайди — шоирнинг юраги бутунлай тўхтади. У қирқ етти ёшда эди. Танини Андижон тупроғига қўйишади. Элликқалъа ботаника боғидаги эман эса бугун ҳам ўсиб турибди, эгасидан анча узоқ умр кўрмоқда. Биз эса шоирнинг шеърлари эмандан-да кўпроқ халқ ёдида яшашига умидвормиз.

Кўкларда кўк каптар қушдаймиз, жоним,
Қайғурма, кел кўнгил хушлаймиз, жоним.
Менинг танишим йўқ нариги дунёда,
Барибир жаннатга тушмаймиз, жоним...

Ёруғ дунёда ким яшайди тўйиб,
Умр ўтиб кетгай киприк қоққунча:
Онанг кўксига бир бошингни қўйиб,
Боланг кўзига бир кулиб боққунча...

Qashqadaryo viloyatidanman. O’zbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti, Xalqaro jurnalistika yo‘nalishi talabasiman. “Daryo”da 2025-yilning avgust oyidan buyon ishlayman. Xabarlar yozaman. Sevimli kitobim Jek Londonning “Martin Iden” asari. Har yili Andrey Tarkovskiyning “Nostalghia” filmini kamida bir marta qayta ko‘raman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар