Грузия ҳукумати Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталинга тегишли бўлган ноёб француз ва грузин виноларининг бетакрор коллекциясини кимошди савдосига қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Грузия ҳукумати илк бор Иосиф Сталиннинг Тбилисидаги махфий вино ертўласини очди. У ерда ярим асрдан ошиқ вақт мобайнида 40 минг вино захиралари сақланган. Виноларнинг бир қисми ХIХ аср бошларига оид бўлиб, экспонатлар орасида 1847 йилда ишланган афсонавий Château dʼYquem ҳам бор.
Барча лотлар алоҳида кимошди савдосида сотилади, тушган маблағлар эса мамлакатдаги илк давлат виночилик мактабини очишга йўналтирилади.
“Бу археологик топилмалар 8000 йилдан ортиқ давом этган узлуксиз виночилик анъанасини исботлаган минтақа учун рамзий қадамдир”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ушбу коллекция 1897 йилда асос солинган Тбилисидаги собиқ Биринчи вино заводи ҳудудидаги омбордан топилган.
Маълум бўлишича, коллекция асосини болшевиклар томонидан мусодара қилинган Романовлар император хонадонининг захиралари — бир вақтлар Александр III ва Николай II га тегишли бўлган винтажлар ташкил этган.
“Таниқли вино билимдони бўлган Сталин “ўлжа” фондига ўзининг севимли грузин навларини қўшиб, коллекцияни бебаҳо меросга айлантирган”, дейилади хабарда.
Вино мутахассиси Иракли Гилаурига кўра, кимошди савдоси таълим мақсадларини молиялаштиришдан ташқари, “Грузияни коллексионерлар харитасига киритади”.
Ушбу савдолар жаҳон коллексионерларининг қизиқишига сабаб бўлиши кутилмоқда. Дунёнинг турли бурчакларидан йиғилган коллексионерлар ўзларини Индиана Жонсга қиёсламоқда.
“Ўзимни ғор очаётган Индиана Жонсдек ҳис қиляпман: у ерда ҳеч нарса бўлмаслиги ҳам, нимадир бўлиши ҳам мумкин. Бундай тарихий лаҳзалар бизнинг замонамизда унчалик кўп қолмаган”, дейди Тбилисига шахсан ташриф буюрган америкалик коллексионер Виктор Чен.








