Тошкентнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманларида аҳолини бир неча йилдан буён қийнаб келаётган бадбўй ҳид муаммоси бартараф этилди. Салор оқова сув тозалаш иншоотида нохуш ҳидни камайтириш бўйича замонавий филтр ускунаси ўрнатилди.
Салор иншооти Тошкентнинг етти туманидан келадиган оқова сувларни қабул қилиб, тозалайди. Унинг суткалик қуввати 900 минг куб метрни ташкил этади. Нохуш ҳидни бартараф этиш учун 9,5 миллиард сўмлик филтр ускунаси ўрнатилиб, оқова сув ҳовузлари герметик ёпилди. Ускунада ҳидли ҳаво вентилятор ёрдамида тортиб олиниб, филтрлар орқали тозаланади ва зарарсизлантирилади.
“Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ бош технологи Дўнонбой Казибековнинг маълум қилишича, Сергели, Янгиҳаёт, Миробод ва Яшнобод туманларидан келадиган оқова сувлар ушбу иншоотда тозаланади. Россиядан олиб келинган ускунада 11,5 тонна каталитик сорбент ва 2,5 тонна фаоллаштирилган кўмир қўлланади. Ҳаво ултрабинафша нурлар ёрдамида озонлаштирилиб, оксидланиш жараёнидан ўтказилади. Натижада чиқаётган ҳавода водород сулфиди ва аммиак консентрацияси нолга туширилган.
Ускуна 15 кундан ортиқ вақтдан бери ишламоқда. Қайд этилишича, унинг ишга туширилиши натижасида иншоот атрофидаги нохуш ҳидлар йўқолган. Буни яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳам тасдиқлаган.
Маълумот учун, Сергели ҳудудидаги бадбўй ҳид муаммоси бир неча йилдан буён аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келади. Жумладан, 2021 йилда “Ўзгариш” маҳалласи аҳолиси ҳудуддаги узлуксиз ёқимсиз ҳиддан шикоят қилган. Ўша вақтдаги текширувлар натижасида оқова сув ташловчи корхоналарнинг 22 нафар масъулига нисбатан маъмурий иш қўзғатилгани маълум қилинган.








