Daryo

Тошкентда яна 7 та когенерация марказлари қурилади

Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Миробод ва Сергели туманларида қуриладиган ушбу марказлар хонадонлар ва ижтимоий объектларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлайди.

2 дақиқа ўқиш2 478 кўришлар0 изоҳ0

Тошкентда 173 млн долларга иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган еттита янги когенерация мажмуаси қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Veolia Energy Tashkent компаниясининг энергия таъминотини ривожлантириш бўйича тақдимотига кўра, янги когенерация мажмуаларининг умумий иссиқлик қуввати 182 Гкал, электр ишлаб чиқариш қуввати эса 203 МВт ни ташкил этади. Улар Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Миробод ва Сергели туманларида жойлашади.

Лойиҳа бўйича инвестиция келишуви июль ойида имзоланган. Августда ҳукумат қарори қабул қилинади, сентябрда объектлар учун ускуналар етказиб берилиши бошланади. Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларидаги когенерация станцияларини декабрь ойида, қолганларини эса 2027 йил ёзида ишга тушириш режалаштирилган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Мажмуалар 66 та ижтимоий объект ва 549 та хонадонни, 66 та ижтимоий соҳани иссиқлик ҳамда электр энергияси билан таъминлайди. Бунинг учун 66 км электр тармоқлари, 141 км иссиқлик тармоқлари ва 613 та индивидуал иссиқлик пункти қурилади. Лойиҳада жами 50 та доимий иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Когенерация мажмуалари йилига 1,4 млн Гкал иссиқлик ва 1,6 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин. Бунда йилига 107 млн куб метр газ ва 4,4 млн тонна сув тежалади. Тежаладиган ресурсларнинг умумий қиймати 220 млрд сўмга баҳоланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 январдаги қарорида Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимининг чекка нуқталаридан жой олган 11 та маҳаллада когенерация технологияларини жорий этиш белгиланганди. Президент Чилонзор туманида ишга туширилган шундай иншоотини кўздан кечирганди.

Президентнинг 2025 йил 30 январдаги фармонида Тошкент шаҳридаги 4 та туманда когенерация қурилмаларини ишга тушириш лойиҳасини амалга ошириш белгиланди. Ўша йилнинг декабрида Юнусобод туманида йирик қувватли когенерация маркази барпо этилди. Давлат раҳбари марказнинг иш жараёни билан танишганди.

2026 йил июлида ойида Шавкат Мирзиёев Сергели туманининг Ўзгариш маҳалласида 5,8 млн доллар эвазига қурилган когенерация марказини бориб кўрди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар