Daryo

“Толибон” Афғонистонда БМТнинг икки ходимини қўлга олди

Уларга нисбатан қандай айблов қўйилгани очиқланмади. Халқаро ташкилотга ходимлар билан учрашишга рухсат берилмади.

1 дақиқа ўқиш6 505 кўришлар0 изоҳ0

Афғонистондаги БМТ ёрдам миссияси (UNАМА)нинг икки афғонистонлик ходими 9 август куни Ҳиротда “Толибон” разведкаси томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда УНАМА Аму нашрига маълум қилди.

Миссия уларга нисбатан қандай айблов қўйилгани ҳақида маълумот олмаганини ва ходимлар билан учрашишга рухсат берилмаганини қўшимча қилди.

“Биз UNAMAʼнинг икки нафар афғонистонлик эркак ходими 9 август куни Ҳиротда Разведка бош бошқармаси ходимлари томонидан ушланганини тасдиқлаймиз”, дейилади миссиянинг Аму нашрига берган баёнотида.

Ташкилотнинг билдиришича, “Толибон” уларнинг қўлга олиниш сабабларини тушунтирмаган.

“UNAMAʼга уларга қарши қўйилган айбловлар ҳақида хабар берилмади. Шунингдек, бизга улар билан кўришишга ҳам рухсат берилмади”, дейилади миссия хабарида.

БМТ ушланган ходимларнинг шахсини очиқламади ва уларнинг қўлга олиниш тафсилотлари ҳақида бошқа маълумот бермади. UNAMA “Толибон” расмийларидан БМТ ходимларига берилган ҳимоя ҳуқуқларини ҳурмат қилишни сўради.

“Биз амалдаги ҳокимиятни БМТ ва унинг мансабдор шахслари имтиёзлари ҳамда дахлсизлигига риоя қилишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

“Толибон”нинг Разведка бош бошқармаси Аму нашридаги мавжуд маълумотларга муносабат билдирмади.

Афғонистонда инсонпарварлик ходимларига босим

Ушбу ҳибсга олиш Афғонистонда гуманитар ходимларга нисбатан чекловлар ва босимлар ортиб бораётган бир вақтда юз берди. Июнь ойида Ҳиротда ёрдам ташкилотларининг 20 га яқин ходими “Толибон”нинг Эзгуликка тарғиб қилиш ва иллатларга қарши кураш вазирлиги ходимлари томонидан ушлаб қолинган эди.

Бунга уларнинг соқоли жуда калта деб топилгани сабаб бўлган. AFP агентлиги кўриб чиққан ҳужжатга кўра, ушланганларнинг айримлари БМТ билан ҳамкорлик қилувчи ташкилотларда ишлаган. Кейинчалик улар қўйиб юборилган.

“Толибон”, шунингдек, аёлларнинг меҳнати ва ҳаракатланишига ҳам қатъий чекловлар киритган. Бу ҳолат БМТ агентликлари ва бошқа халқаро ташкилотлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Гуруҳ БМТнинг аёл ходимларига Афғонистондаги БМТ идораларига киришни тақиқлаб қўйган. Аввалроқ ЮНЕСКО маълумотларига таяниб, Афғонистонда 2,4 миллион қиз таълим олиш имконидан маҳрум экани ҳақида хабар берилганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар