БМТ Аёллар агентлиги 12 август куни эълон қилган маълумотларга кўра, афғон аёлларининг ярми ойига атиги бир ёки икки марта уйдан чиқади. “Толибон” киритган чекловлар уларнинг ҳаракатланиш эркинлиги ва жамиятдаги иштирокини чекламоқда.
Гендер тенгликни тарғиб қилувчи БМТ агентлигининг билдиришича, “Толибон” ҳокимиятга қайтганининг беш йиллигини нишонлашга тайёрланмоқда. Афғонистон эса қизларнинг ўрта таълим олишини ҳамда аёлларнинг университетда ўқишини тақиқлаган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда.
“2021 йил август ойида ‘Толибон’ ҳокимиятни эгаллаганидан беш йил ўтиб, Афғонистон ўз аҳолисининг ярми ҳуқуқларини тизимли равишда бекор қилди. Бу ҳозирги замонда ягона ҳолатдир”, дейилади БМТ Аёллар агентлиги баёнотида.
Аҳолининг эзгуликка даъват қилиш ва ёвузликнинг олдини олиш вазирлиги матбуот котиби Сайфул Ислом Хайбар Reuters агентлигига берган интервьюсида аёлларнинг кўчага чиқишга қўрқаётгани ҳақидаги хабарлар ёлғонлигини айтди. У мамлакатда аёллар барча ҳуқуқларга эга эканини таъкидлади.
“Тахминан 50 йил ичида биринчи марта Афғонистоннинг барча фуқаролари ўзларини хавфсизликда ҳис қилмоқда”, деди у ва аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгараётганини қўшимча қилди.
ЮНЕСКО ташкилоти 11 август куни тарқатган маълумотларга кўра, “Толибон” 2021-йилда ҳокимиятга келганидан бери тахминан 2,4 миллион афғон қизининг ўрта таълим олишига тўсқинлик қилган.
БМТ Аёллар агентлиги “Толибон” ҳокимиятни эгаллагач, аёллар ва қизларга қарши 100 дан ортиқ фармон чиқарганини маълум қилди. Бу дунёдаги энг оғир аёллар ҳуқуқлари инқирозини янада чуқурлаштирди. “Толибон” эса аёллар ҳуқуқларини ислом ҳуқуқи ҳамда афғон маданиятига мос равишда ҳурмат қилишини таъкидлаб келади.
БМТ агентлиги сўров ўтказган аёлларнинг ярми уйдан ойига икки марта ёки ундан ҳам кам чиқишини билдирган. Аёлларнинг деярли тўртдан уч қисми эркак ҳамроҳсиз (маҳрамсиз) кўчага чиқишни хавфли деб ҳисоблайди.
Чекловлар аёллар руҳий саломатлигини ҳам ёмон аҳволга солиб қўйган. Аёлларнинг 70 фоизи ўз руҳий ҳолатини ёмон ёки жуда ёмон деб баҳолаган. Бу ёлғизлик, имкониятлардан маҳрум бўлиш ва ёрдам олиш чеклангани билан изоҳланди.
Агентлик сўнгги фармонлар аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада заифлаштирганидан огоҳлантирди. 2026-йилда киритилган чоралар эркаклар ва аёлларнинг қонун олдидаги тенглигини бекор қилди, никоҳда эркаклар ваколатини оширди ва аёлларнинг никоҳдан ажрашишини мураккаблаштирди.
Аёллар иқтисодиётдан ҳам четда қолмоқда. БМТ Аёллар агентлиги ҳисоботига кўра, эркакларнинг 84 фоизи банд бўлгани ҳолда, аёлларнинг атиги 7 фоизи ишлайди. Агентлик ушбу ҳисобот 2025-йилнинг февраль–март ойларида 2190 киши ўртасида уйма-уй юриб ўтказилган сўров ҳамда 2026-йилнинг апрель–май ойларида 2811 киши билан телефон орқали ўтказилган сўровларга асосланганини билдирди.








