Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси 4 та вилоятда жойлашган 5 та корхона фитосанитар қоидаларни мунтазам бузганини маълум қилди.
“Росселхознадзор” фитосанитария талабларини энг кўп бузган Ўзбекистоннинг 5 та экспортчисига Россия ҳудудига маҳсулот олиб киришни 23 июлдан бошлаб чеклаганди. Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, Россия томони мазкур чекловлар юзасидан расмий маълумот тақдим этди.
22 июлда ҳамкор давлат томони айрим экспортчиларга нисбатан жорий этилаётган чеклов сабаблари, чекловлар қўлланилаётган корхоналарнинг номлари, аниқланган фитосанитар камчиликлар тўғрисида батафсил маълумотларни ўз ичига олган расмий хат билан мурожаат йўллаши маълум қилинганди.
Унга кўра, фитосанитария талабларини мунтазам бузиш ҳолатлари қайд этилган экспортчи корхоналарнинг
- 1 таси Хоразм вилояти Янгибозор туманида ( 15 та ҳолат);
- 1 таси Сурхондарё вилояти Узун туманида (11 та ҳолат);
- 2 таси Навоий вилояти Қизилтепа туманида (15 та ҳолат);
- 1 таси Бухоро вилояти Ғиждувон туманида (7 та ҳолат) жойлашган.
Ўрганишлар давомида:
- маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари ўрганилади;
- фитосанитария назорати ва кузатувчанлик (traceability) тизимининг амалдаги ҳолати текширилади;
- миллий қонунчилик ҳамда халқаро фитосанитария талаблари асосида тегишли ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кўрилади.
Шунингдек, “Росселхознадзор” билан ишчи мулоқотлар давом эттирилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, фитосанитария хавфларини камайтириш ва чекловларни қисқа муддатда бекор қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мазкур чекловлар фақат Россия томонидан фитосанитария талаблари бузилгани қайд этилган ушбу 5 та экспортчи корхонага нисбатан қўлланилаётганини, белгиланган фитосанитария талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда экспорт фаолиятини амалга ошираётган бошқа маҳаллий экспортчилар учун ҳеч қандай чеклов жорий этилмагани ва экспорт жараёнлари белгиланган тартибда давом этаётганини билдирди.








