Ўзбекистонда хорижий давлатларга саёҳат қилувчи фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида “Хавфсиз туризм” жамғармаси ташкил этилади. Бу кўзда тутилган қарор лойиҳаси 30 июлгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Унга кўра, Туризм қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Хавфсиз туризм” жамғармаси ташкил этилади. Сҳиқиш туризми соҳасида ишловчи туроператорлар лицензия олишда жамғармага камида 50 минг АҚШ доллари эквивалентида захира маблағи киритиши белгиланмоқда. Туроператорлар ушбу захира маблағининг белгиланган миқдордан камайиб кетмаслигини таъминлаши шарт.
Захира маблағларидан қуйидаги ҳолларда фойдаланилади:
- туризм хизматларини лозим даражада кўрсатмаслик оқибатида жабр кўрган туристларга етказилган моддий зарарни қоплаш;
- туристларни вақтинча жойлаштириш, озиқ-овқат, транспорт, алоқа, эвакуация ва репатриация қилиш билан боғлиқ зарур харажатларни қоплаш;
- суд қарорига, туристнинг ёки унинг қонуний вакилининг мурожаатига, шунингдек, Туризм қўмитасининг асослантирилган қарорига мувофиқ бошқа зарур харажатларни молиялаштириш.
Саёҳат қилувчи Ўзбекистон фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатлаш мақсадида ҳар бир реализация қилинган туристик маҳсулот бўйича жамғармага мақсадли кафолат йиғими ундирилиши ҳам режалаштирилган. Мақсадли кафолат йиғими туристик маҳсулот реализация қилинган санада амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,15 баравари миқдорида белгиланади.
Мақсадли кафолат йиғими жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларидан бири ҳисобланади. “Хавфсиз туризм” жамғармасига ўтказиладиган мақсадли кафолат йиғимидан ўзбекистонлик туристларни ҳимоя қилиш, эвакуация ва репатриация харажатларини қоплашда фойдаланилади. Мақсадли кафолат йиғими ҳар бир турист бўйича Миллий туризм платформаси орқали ҳисобланади ва туристик код шакллантирилишидан олдин жамғармага ўтказилади.
Бундан аввал Ўзбекистонда ёз мавсумида туризм соҳаси учун янги иш режими таклиф қилингани ҳақида хабар берилганди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида тажриба-синов тариқасида ҳар йили 1 июндан 31 августгача туризм соҳаси корхоналари ва ташкилотлари учун “сиеста” (танаффус) ишини ташкил этиш таклиф этилди.








