Daryo

Тошкент ва Маврикий ўртасида илк бор авиақатновлар йўлга қўйилади

Янги йўналиш Ўзбекистон туризми учун Африка қитъасида янги бозор очиши кутилмоқда. Биринчи босқичда жами тўртта рейс амалга оширилиши режалаштирилган. 2027 йил ёзидан ҳафтасига бир марта мунтазам рейслар йўлга қўйиш кўзда тутилган.

1 дақиқа ўқиш3 438 кўришлар0 изоҳ0

Тошкент–Маврикий йўналишида бошлаб илк бор тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Режага кўра, дастлабки босқичда 26 декабрь ва январь ойларида жами 4 та Тошкент—Маврикий—Тошкент қатнови амалга оширилади. 2027 йил июнидан эса ушбу йўналиш бўйича ҳафтасига бир марта мунтазам рейслар йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Янги йўналиш Ўзбекистон туризми учун Африка қитъасида янги бозор очишдан ташқари, Тошкентнинг Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан Маврикийга йўловчилар оқимини йўналтирувчи транзит маркази сифатидаги салоҳиятини оширади. Келгусида Қозоғистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатлари сайёҳлари Тошкент орқали Маврикийга учишлари мумкин бўлади.

Авиақатновлар 2026 йилдан ҳар йили июнь–август ойларида амалга оширилаётган “Очиқ туризм мавсуми” дастури доирасида йўлга қўйилмоқда. Дастур туризм бозори иштирокчилари учун молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутади: янги йўналиш очаётган авиаташувчиларга ҳар бир жалб қилинган хорижий турист учун 100 АҚШ доллари субсидия ҳамда аэропорт хизматларида 20 фоизлик чегирма, маҳаллий туроператорларга эса узоқ хориждан жалб қилинган ҳар 1000 турист учун 5000 АҚШ доллари субсидия ажратилади.

Маврикий – Ҳинд океанининг жануби-ғарбий қисмида, Африканинг шарқида жойлашган орол давлат. У Мадагаскардан тахминан 900 километр шарқда жойлашган. Маврикий, аввало, тропик пляжлари, мовий лагуналари, маржон рифлари ва тоғлари билан машҳур. Туризм мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири. 

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар