Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М25) конида газ портлаши ва сизиб чиқиши билан боғлиқ технологик авария 2027 йилнинг биринчи ярмигача бартараф этилади. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Абдуғани Сангинов маълум қилди, дея хабар берди Уздипломат нашри.
Компания раҳбари аварияга чек қўйиш учун Хитойнинг CNPC компанияси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланганини таъкидлаган. Ҳозирда хитойлик мутахассислар М25 конига бориб, ўрганиш ишларини бошлаган.
“Жорий йилнинг охиригача техникалар Бойсундаги М25 конига олиб келинади. 2026 йил декабрь якунига қадар қўшимча тўртта қудуқ бурғулаш ишлари бошланади. 2027 йил биринчи яримига 100 фоиз ёпилади”, деди “Ўзбекнефтгаз” раиси.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 февраль куни Сурхондарёга ташрифи давомида ўтказган йиғилишда Бойсундаги кон ҳақида тўхталиб, ундаги авария тўхтатилишини айтган.
Бойсундаги вазият ҳақида
2024 йил 1 сентябрь куни Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М25) конининг 604-қудуғи бурғилаш ишлари олиб борилаётган пайтда портлаб, ёнғин чиққанди. Кейин атрофга олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган. Кон ҳудудига яқин жойларда яшовчи аҳоли зудлик билан бошқа ҳудудларга кўчирилган.
Орадан ярим ой ўтиб, 17 сентябрь куни конда навбатдаги портлаш юз берган. Оқибатда 11 киши жароҳатланган, коннинг 4 ишчиси воқеа жойида ҳалок бўлган.
Кейинчалик 2025 йил 27 мартда ва 5 майида ҳам портлашлар кузатилган. Ўтган салкам икки йил давомида конда қатор газ ёниб чиқиш ҳолатлари қайд этилган. Ижтимоий тармоқларда ҳудуд аҳолиси газ ҳидига чидаб бўлмаслиги, бундан одамлар азият чекаётгани, ҳатто касалликлар орттириб олгани ҳақида кўп чиқишлар қилди.
Кейин 2025 йилнинг ноябрида Бойсундаги кондан яна газ сизиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги “М-25” конининг 202-сон газ қудуғида аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниш ҳолати кузатилганини, бу ҳолат кондаги геологик жараён натижасида юз берганини маълум қилганди.
Вазирлик ва идоралар барча зарурий ишлар олиб борилаётгани айтилганига қарамай, муаммо ҳалигача тўлиқ бартараф этилмаган.
Кон ҳақида қисқача
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони Бойсун шаҳридан 20 километр масофада жойлашган. Коннинг газ захиралари 150 миллиард куб метрдан ортиқлиги тахмин қилинади. Айрим манбаларга кўра, коннинг газ захиралари 170 миллиард кубометрга етиши мумкин.
Коннинг қурилиш ишлари 2019 йил декабрь ойида бошланган. Ўшанда Гонконгнинг Surhan gas chemical operating company компанияси умумий миқдори 2,9 миллиард доллар бўлган лойиҳалаш ишларига киришган. Бурғулаш ишларини эса Eriell компанияси олиб бормоқда.
2019 йил 17 июндаги ҳукумат қарорига асосан, коннинг дастлабки қидирув ва қазиш ишларини олиб бориш “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокига ўтказилган. 2023 йил ноябрь ойи ҳолатига кўра, кондаги 20 та қудуқда бурғилаш ишлари тугалланган. Шундан 11 та газ қудуғи муваффақиятли синовдан ўтган.








